Дунё фуқароси паспорти: Энг ноёб, энг нуфузли, энг қиммат, энг ишончли...
Баъзи мамлакатларда аҳолининг ярмидан кўпи паспортга эга эмас, шундай бўлса-да, бу уларнинг узоқ масофаларга саёҳат қилишига тўсқинлик қилмайди. Ҳар бир давлатнинг паспорт олиш ва ундан фойдаланиш бўйича ўзига хос қоидалари бор.
ADME инсон ўз ҳаётида энг кўп фойдаланадиган ҳужжатлардан бири ҳақида баъзилари кулгили, бошқалари ҳайратланарли кўринадиган қизиқарли маълумотларни топди.
Энг ноёб паспорт – атиги 500 дона
Дунёда энг қадимги рицарлик орденларидан бири бўлган Мальта ордени паспорти энг кам учрайдиган ҳужжат ҳисобланади. Одатда 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга бериладиган 500 дона нусхаси мавжуд бўлган паспорт ташкилот дипломатик алоқалар ўрнатган 106 давлатда тан олинади.
Энг нуфузли паспорт БААда
Визасиз ёки соддалаштирилган визасиз режимдаги давлатларга ташриф буюриш ҳуқуқини берадиган паспорт индекси тушунчаси мавжуд. Бу рақам қанчалик юқори бўлса, паспорт шунчалик нуфузли деб ҳисобланади. 2018 йилда рейтингнинг етакчиси Япония бўлган бўлса, 2019 йилга келиб, 10 йил аввал рўйхатда атиги 53-ўринни эгаллаган Бирлашган Араб Амирликлари (172 балл билан) биринчи ўринга чиқиб олди.
Энг қиммат паспорт Австралияликларники
Тадқиқотларга кўра, Австралия паспорти энг қиммат деб топилган. Австралия паспортини рўйхатга олиш харажатлари баҳоси 282 долларни ташкил этади. Шу билан бирга, юқорида айтиб ўтилган таъсир рейтингида у атиги 7-ўринни эгаллайди.
Биринчи биометрик паспорт Малайзияда берилди
Қоғоз ва рақамли ташувчилар бирикмаси биометрик паспортда юз, бармоқ излари ва кўзнинг рангдор пардаси орқали саёҳатчиларни аниқлайдиган маълумотлар мавжуд.
Маҳаллий “IRIS Corporation” 1998 йилда бу технологияни жорий этганидан сўнг Малайзия бундай турдаги паспортни ишлаб чиқарган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Бироқ Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИCАО) амалдаги стандартларига жавоб берадиган ҳужжатларни мамлакат фақат 2010 йилда бера бошлади.
Энг ишончли паспорт - Никарагуада
Никарагуа паспортида махсус штрих-кодлар, голограммалар ва мойбўёқлар бўлган 89 хил турли ҳимоя элементлари мавжуд. Бу паспорт дунёдаги энг кам сохталанадиган ҳужжат ҳисобланади.
Дунё фуқаросининг паспорти бир нечта давлатлар томонидан тан олинади
1 миллионга яқин одам дунё фуқароси паспортига эга. У еттита - инглиз, француз, испан, рус, араб, хитой ва эсперанто тилларида чоп этилади ва 1953 йилдан буён Қўшма Штатларда ташкил этилган Жаҳон фуқаролари ҳукумати (WСА) нотижорат ташкилоти томонидан берилади.
Жаҳон фуқаролиги концепциясининг моҳияти шундаки, сайёра умумийдир ва инсоннинг ўзи қаерда бўлишни танлаш ҳуқуқига эга. Расмий равишда дунё фуқаросининг паспорти фақат олтита - Буркина-Фасо, Эквадор, Танзания, Мавритания, Тото ва Замбия давлатларида тан олинади. Бироқ ҳақиқий воқелик бундай паспортларга 187 давлат ўз муҳрларини қўйганини кўрсатди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.