Дунёдаги ноодатий театрлар

Дунёдаги энг кичик театр Австриянинг Виллаҳ шаҳрида жойлашган бўлиб, у “Kremlhof Theater” (Кремль саройи) деб аталади. Расмий равишда “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган театр саҳнасининг ўлчами 1,3х1,3 метр бўлиб, уфақат саккиз нафар томошабинни сиғдира олади.
Театрнинг очилиши театр санъати ривожланишини рағбатлантириш учун мўлжалланган 5-VADA биенналеси (ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган санъат кўргазмаси)доирасида бўлиб ўтди. Саҳнада нафақат маҳаллий актёрлар ўйнайдиган спектакллар, балки гастрольтомошалари, мусиқий кечалар ўтказилиб келинади, қизиғи, Австрияда жойлашган бу театрда аксарият спектакллар рус тилида ижро этилади.
***
АҚШдаги Бартер театри (Barter Theatre) нафақат мамлакатдаги энг қадимги профессионал театр эканлиги, балки чипта тўловига ўзгача ёндашуви билан ҳам машҳур. Унинг тарихи Буюк депрессия даврига бориб тақалади, ўшанда одамларда спектакль томоша қилиш учун ҳақиқий пул тўлашнинг иложи бўлмаган. Шунда саҳна асосчиси Роберт Портерфилд томошабинларни театрга ташриф буюриш қувончидан маҳрум қилмаслик мақсадида уларга чипта сотиб олиш учун анъанавий пул ўрнига озиқ-овқат олиб келишларини айтиб, ўзига хос ечим топган.
Томоша нархи 40 цент эди ва айнан шу ҳисоб-китобдан келиб чиқиб товар эквиваленти ўрнатилди. Бир неча ўн йиллар ўтиб кетган бўлса-да, бу ерда бартер принципи сақланиб қолинди ва бу “фишка” театрнинг шахсий хусусиятига айланди. Эндиликда театр бир йилда бир марта спектакль томошаси учун тўловни озиқ-овқатмаҳсулотларида қабул қилади.
***
Буюк Британиянинг Багнор шаҳарчасидаги “Сув тегирмони” театри тарихи 1830 йилга бориб тақалади. Дастлаб маккажўхори тегирмони ва қоғоз фабрикаси сифатида хизмат қилган бино ҳали ҳам ўзининг меъморий хусусиятларини сақлаб қолган ва ёши катта бўлишига қарамай, у замонавий технологияларни хайрихоҳлик билан қабул қилди.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошларида Девид Голлинс (David Gollins) тегирмон биносида кичик профессионал театр яратишга қарор қилди. 1981 йилга келиб, Жилл Фрейзер ва унинг турмуш ўртоғи Жеймс Саргант театр эгаларига айланди.Айнан улар туфайли “Сув тегирмони” бутун дунёбўйлаб шуҳрат қозонишга муваффақ бўлди.
***
Дальхалла (Dalhalla) театри Швециянинг Даларна провинциясидаги оҳактош карьерида 60 метр чуқурликда жойлашган. Ушбу театрнинг пайдо бўлиши асносида опера қўшиқчиси Маргарета Деллефорснинг хизматлари ётади. Ўз лойиҳаси учун янги концерт майдонини излаётган шижоатли қўшиқчининг ғайрати ва ғоясидан ташқари на пули, на алоқалари бор эди. Ва у излаб ечим топди!
Маргарета маҳаллий маъмурият билан музокара олиб боришга ҳаракат қилди. У карьерга тушиб, қўшиқ куйлай бошламагунча, амалдорлар унинг интилишларини аниқ тушунолмай турган эди. 1993 йилда Далҳалла театрида катта муваффақият билан биринчи концерт томошалари бўлиб ўтди.
***
Сукунат театри (Teatro del silenzio). 2006 йилда замонамизнинг энг буюк тенорларидан бири Андреа Бочелли табиатнинг ўзи тепаликлардатабиий очиқ театр яратган жой, Тоскананинг гўзал ландшафтлари орасидаги ўзи туғилган шаҳар Лаятикодаги очиқ концерт майдонига асос солди.
Маэстронинг ғоясига кўра, ноёб театр йилига 364 кун “жимлик”да бўлиб, фақат бир оқшомдажонланади. Бу оқшом театр томошабинлар билан гавжум бўлиб, саҳнада Андреа Бочеллининг ўзидан ташқари дунёга машҳур мусиқачилар ва қўшиқчилар ҳам чиқиш қилишади.
Ҳар йили “Сукунат театри” учун ноёб безакларни яратиш мақсадида бу ерга уларнинг вазифаси - ниқоб остида яширинган хотиржаминсон қалбини театр ғоясида мужассамлаштирибифода этишдан иборат бўлган дунёдаги энг машҳур ҳайкалтарошлар ва дизайнерлар таклиф қилинади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.