Дунёга энг кўп миллиардер тайёрлаб берган университетлар

Visualcapitalist яратган навбатдаги инфографикада миллиардер бўлиб кетган битирувчилари сони кўп бўлган таълим муассасалари келтирилган. Ушбу рўйхат АҚШ университетлари устунлик қилиши ва Осиё университетларининг ўсиб бораётган ролини акс эттиради.

Гарвард университети умумий бойлиги қарийб 600 миллиард долларга тенг 104 миллиардерни етиштирди. Университет ҳаттоки Билл Гейтс ва Марк Цукерберг каби у ерда таҳсил олган, аммо ўқишни тугатмасдан чиқиб кетган машҳур битирувчиларни киритмаган ҳолда ҳам рейтингда биринчи ўринда туради.

Стенфорд университети Кремний водийси билан яқин алоқалари туфайли Yahoo қидирув тизими асосчиси Жерри Янг ва онлайн буюртмалар етказиб берувчи DoorDash компанияси асосчиси Энди Фунг каби миллиардер битирувчиларни чиқарди. Пенсилвания университети дунёга Илон Маскни берди.

Колумбия университети энг машҳур битирувчилари орасида афсонавий инвестор Уоррен Баффет бор. Массачусетс Технология институти (MIT) эса технология ва саноат етакчиларини чиқарди, жумладан, Koch Industries компанияси асосчиси Чарлз Кох уларнинг биридир.

Америка университетлари етакчи ўринларни эгаллаб турган бир вақтда, маълумотлар Осиё олий таълим муассасалари ҳам тез вазн ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Миллиардер битирувчилар сони бўйича кучли 20 таликка Мумбай университети, Цинхуа Пекин университети ва Сеул миллий университети киради. Ушбу силжиш Осиёнинг иқтисодий ўсиб бориши, тадбиркорларнинг юксалиши ва миллий капитал бозорларининг мустаҳкамланиши билан бир вақтга тўғри келяпти.

Мисол учун, Хитойдаги энг нуфузли университетлардан бири Пекин университетининг миллиардер битирувчилари қаторига Baidu асосчиси Робин Ли бор. У сингари  Reliance Industries раиси ва Ҳиндистоннинг энг бой одами Мукеш Амбани Мумбай университетида кимё муҳандислиги бўйича таҳсил олган.

Россия университетлари орасида 13 миллиардерни тарбиялаган М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети етакчилик қилмоқда.