Экология бошқармаси “Дарғом” каналига 1 тонна нефт оқизган корхона фаолиятини тўхтатиш ва 1,2 миллиард cўм компенсация ундириш юзасидан судга ариза киритмоқда
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Дарғом” каналига нефть маҳсулотлари оқизилганлик ҳолати бўйича эълон қилинган видеомурожаат эълон қилинди. Ҳолат вилоят Экология бошқармаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан тезкорлик билан ўрганилган.
Ўрганишлар давомида Самарқанд туманининг “Андижон” МФЙда жойлашган “NURSHOD UNIVERSAL SAVDO” МЧЖга қарашли суюлтирилган газ сақлаш омборидаги нефть маҳсулотлари (печ ёқилғиси) сақлаш сиғимидан оқиб кетиши натижасида 1 тонна нефть маҳсулотлари жой рельефига тўплангани ва полиэтилен труба ёрдамида “Дарғом” каналига оқизилиб, сувни ва жой рельефини ифлослантирганлик ҳолати аниқланди.
Шунингдек, корхона ҳудудига тўкилган нефть маҳсулотлари билан ифлослантирилган ер майдони ўлчанганда 86,4 м3 эканлиги аниқланган.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳолат бартараф этилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 34-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сон қарорига асосан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳисоб-китоб қилинганида 1 204 401 864 сўмни ташкил этган.
Ўрганишлар давомида ҳозирги кунда корхонанинг хавфлилик даражаси 1-тоифага мансуб эканлиги ва корхона экологик норматив ҳужжатларсиз фаолият олиб борганлиги аниқланган. Ҳолат бўйича маъмурий жарима қўлланилган.
Шунингдек, хабарда айтилишича корхона фаолиятини тўхтатиш ва атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун ҳисобланган компенсация тўловини ундириш юзасидан иқтисодий судга киритиш учун даъво аризаси тайёрланмоқда.