Электр таъминоти: Ургутда қишга тайёргарлик қай даражада?
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан вилоят ва республика ОАВ ходимлари учун Ургут туманидаги "Деҳқонобод" электр тармоқлари корхонасига пресс-тур ташкил этилди.
Бугунги кунда аҳолиси кўп ва ҳудуди катта бўлганлиги сабабли Ургут туманида иккита электр тармоқлари корхонаси фаолият юритади. Жумладан, "Деҳқонобод" электр тармоқлари корхонаси 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, туманнинг 30 855 нафар аҳолисига хизмат кўрсатиб келади. Шундан, 29 482 таси аҳоли, 1373 таси юридик истеъмолчи бўлиб, 2845 дона АСКУЭ “ақлли” электр ҳисоблагичлари ўрнатилган. Бироқ тоғли ҳудудларда жойлашган аҳоли хонадонлари ҳудудида интернет сифати пастлиги сабабли АСКУЭ ҳисоблагичлари яхши ишламайди. Шу сабабли ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинмайди. Бу эса баъзан ноқулайликларга сабаб бўлади.
Ҳозирда “Зиёҳ”, “Ҳақиқат” “Сариқтепа”, “Наврўз” нимстанцияларида жами 60 минг кВАдан зиёд қувватдаги трансформаторлар орқали истеъмолчилар электр энергияси билан таъминланмоқда.
- 2023-2024 йиллар давомида куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича 149 та трансформатор пункти ва 342,3 километр электр узатиш тармоқларида таъмирлаш ишлари бажарилди, - дейди корхона раҳбари Қурбонали Давронов. - Жорий йилнинг ноябрь ойида яна қўшимча 5 дона трансформатор пункти ва 10 километр электр узатиш тармоқларини таъмирлашни режалаштирганмиз. Жумладан, Тароқли маҳалласида 60 дона темир-бетон устунлар ўрнатилиб, 2,96 километр СИП-2, 1,2 километр СИП-4 кабеллари тортилиб, ишга туширилди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ҳудудда қўшимча 496 дона темир-бетон устунлар ва 9 та трансформатор пункти ўрнатилиб, қарийб 27 километр ёпиқ кабеллар тортилган. Ундан ташқари, ҳудуддаги 15 та маҳалладаги тугатилмаган объектлар учун 249 дона темир-бетон устунлари ва 21,95 километр ёпиқ кабеллар олиб келиниб ўрнатилган.
- “Сариқтепа” нимстанциясида 2 та 16000 кВАлик трансформаторлар ўрнатилган бўлиб, "Ургут" иқтисодий зонасида жойлашган 30 дан ортиқ корхоналарни электр энергияси билан таъминлаб келяпти, - дейди корхона бош муҳандиси Қобил Эшқулов. – Барча истеъмолчиларга “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлиб, уларнинг электр таъминоти онлайн тарзда бошқарилади.
Пресс-тур иштирокчилари Деҳқонобод маҳалласидаги Қум қишлоғида корхона ишчилари томонидан бетон-устунлар ўрнатиш ва ёпиқ кабеллар тортиш жараёни билан танишди. Мазкур қишлоқда 250 кВАлик янги трансформатор ва 55 та бетон-устунлар ўрнатилиб, 1800 метр масофага кабель тортилган.
ЭТК раҳбарига кўра, аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг корхонадан 9,9 миллиард сўм қарзи бор.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.