Эрондаги ядровий иншоотда қурол даражасида бойитилган уран борлиги айтилмоқда

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) инспекторлари Эрондаги Фордо ерости ядровий иншоотида 83,7 фоизгача бойитилган, деярли қурол даражасида бўлган уран зарраларини топди ва ҳозир бу масалани Эрон расмийлари билан муҳокама қилмоқда, дейилади BBС News хабарида.

Эрон 2015 йилда жаҳон кучлари билан имзоланган ядровий келишувни бузган ҳолда уранни икки йил давомида очиқча 60 фоизгача бойитаётган бўлса-да, бойитиш даражасида “бехосдан четлашишлар” юз берган бўлиши мумкинлигини даъво қилмоқда.

Мамлакатни ядровий қурол ишлаб чиқаришига йўл қўймасликни мақсад қилган ушбу шартноманинг бир қисми сифатида эронликлар ўзларининг ядровий дастурини чеклаши ва мамлакат иқтисодиётини вайрон қилувчи халқаро санкцияларни юмшатиш эвазига МАГАТЭ инспекторларини ядровий иншоотларга киритиши шарт эди.

Бироқ, собиқ президент Дональд Трамп 2018 йилда шартномадан бир томонлама чиқиб, санкцияларни қайта жорий қилганидан кейин шартнома барбод бўлиш ёқасига келди ва Эрон бунга жавобан уранни бойитиш даражасини босқичма-босқич ошира бошлади.

Байден маъмурияти бошидан Эрон унинг барча шартларини қатъий бажаришга тайёр бўлсагина ушбу шартноманига қайтишга тайёрлигини билдирди. Музокаралар олдинга силжимади.

Уран табиий ҳолда паст концентрацияларда бўлади, лекин уни махсус центрифугаларда юқори тезликда айлантириб, "Уран-235" оғир изотоплар сифатида бойитиш мумкин.

Одатда 3-5 фоиз "Уран-235" изотопини ўз ичига олган кам бойитилган уран атом электр станцияларида ёқилғи сифатида ишлатилиши мумкин. "Уран-235" концентрацияси 20 фоизли юқори бойитилган уран тадқиқот реакторларида қўлланилади ва уран 90 фоиз ёки ундан юқори бойитилганда у қуролга айланади.

Ядровий келишув шартларига кўра, Эрон уранни 3,67 фоиздан ортиқ бойитмаслик ва "Фордо" заводида бойитиш жараёнини бутунлай тўхтатиш мажбуриятини олган.

МАГАТЭнинг охирги чораклик ҳисоботида айтилишича эса январь ойида "Фордо" заводида олинган намуналарда 83,7 фоизгача бойитилган уран зарралари топилган.

Эрон Атом Энергия Ташкилоти раҳбари Муҳаммад Эсломий бу воқеа аҳамиятини пасайтиришга уриниб, тез орада ҳамма буни унутишини айтди.

Хуллас, Эрон ядровий тадқиқотларни фақат тинч мақсадларда олиб боришини таъкидлашда давом этмоқда, бироқ экспертлар Теҳроннинг уранни бойитиш қоидаларини бузиши назарий жиҳатдан бомба учун қурол даражасидаги уран ишлаб чиқариш вақтини қисқартириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.