Етти ойдан сўнг Уханга биринчи халқаро самолёт келиб қўнди

17 сентябрь куни Хитойнинг Ухан шаҳри аэропортига коронавирус пандемияси бошланганидан буён етти ойдан сўнг халқаро рейсни амалга оширувчи биринчи самолёт келиб қўнди.

Xinhua агентлиги берган маълумотга кўра, Tway Airlines авиакомпаниясига қарашли, Сеулдан Уханга парвоз амалга оширган самолёт маҳаллий вақт билан соат 10:48 (7:48 Тошкент вақти)да Ухан аэропортига келиб қўнган. Шаҳарга келган барча йўловчилар 14 кунлик карантиндан ўтиш учун махсус меҳмонхоналарга юборилгани ҳақида маълум қилинди.

COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши 2019 йилнинг декабрь ойида бошланди. Хитойнинг Ухан шаҳри инфекциянинг биринчи ўчоғига айланди. Бор йўғи бир неча ой ичида касаллик дунёнинг 210 нафар давлатини қуршаб олди. 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемиясини эълон қилди.