Европа Иттифоқи давлатлари коронавируснинг иккинчи хуружи ҳақида огоҳлантирди

Европа Иттифоқи давлатлари коронавирус тарқалишининг иккинчи хуружи кузатилиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди ва воқеаларнинг бундай ривожланишига тайёр туришга чақирди. Бу ҳақда Еврокомиссия раиси бугун, 11 май куни хабар қилди.

“Мавжуд хавфни баҳолаш таҳлили кўрсатган сўнгги натижалардан келиб чиққан ҳолда аъзо мамлакатлар иккинчи хуружга тайёр туришлари зарур”, деди комиссия вакили.

Олдинроқ, Германиянинг Роберт Кох институти раҳбари Лотар Вилер иккинчи ва учинчи хуружлар ҳақида огоҳлантирган эди. Мутахассиснинг фикрига кўра, ер аҳолисининг 60-70 фоизи касалланиб тузалмагунча инфекция тарқалишда давом этади.

Тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб дунёда 4,1 миллиондан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган. Кейинги кеча-кундузда 77876 нафар янги касалланиш ҳолати аниқланган. Умумий ҳисобда 1 411 619 (+35670) нафар одам тузалган ва 282719 (+3398) нафар бемор вафот этган.