Европа Иттифоқи раҳбарлари иқтисодий тикланиш режасига оид келишувга эришди

Европа Иттифоқи етакчилари иқтисодиётни тиклаш жамғармаси ва узоқ йиллик молиявий режа бўйича келишувга эришишди. Бу ҳақда Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель ўзининг Твиттер саҳифасида маълум қилди.

“Бизда келишув бор, жуда яхши - 1,074 триллион евро бюджетга ва 750 миллиард (евро) тикланиш режасига эга келишув. ЕИда келажакни молиялаштириш ҳеч қачон бу қадар амбицияли бўлмаган”, дея ёзди Бельгия Бош вазири Софи Вильмес ўзининг Твиттер саҳифасида.

Режалаштирилган икки кун ўрнига тўрт кунга чўзилиб кетган ЕИ саммити 21 июль куни тонгда ўз якунига етди. Европа етакчилари тўрт кун давомида ўз ичига тикланиш жамғармаси ва узоқ йиллик ЕИ бюджети режасини олган COVID-19дан сўнг Европа иқтисодиётини қўллаш масалалари бўйича жуда оғир кечган музокаралар олиб борди.

Саммит якуни натижалари, ялпи мажлис якунига етганидан сўнг Европа Кенгаши ва Европа комиссияси томонидан расман эълон қилиниши кутилмоқда.