Эзгуликнинг умри узун: Меҳнат қаҳрамони Жониқул Юсуповни эслаб
Ҳазрати инсоннинг қадр-қиммати, табиийки, унинг жамиятга қўшган ҳиссаси, яъни бошқаларга кўрсата олган ибрати билан белгиланади. Ибрат эса касб-ҳунарда мукаммал маҳорат соҳиби, одоб-ахлоқда бошқалар кўнглига йўл топишдир.
Аслида инсоний фазилат учун тизим ёки даврнинг аҳамияти йўқ. Қаҳатчилик ёки уруш пайтларида ҳам одамларнинг бир-бирига қилган ҳиммати фикримизни исботлаб турибди. Шу боисдан ҳам биз бугун нуронийларимиз ёки вафот этган улуғларимиз қадрини белгилашда ана шу жиҳатга эътибор беришимиз керак, деб ўйлайман.

Социалистик меҳнат қаҳрамони Жониқул Юсупов ўз даврининг ибратли инсонларидан эди. Камина вилоят партия қўмитасининг қишлоқ хўжалиги бўйича котиби сифатида бу инсон билан жуда кўп мулоқотда бўлганман. Чапаналиги, бирсўзлиги, яхши одамга жонини ҳам бергудек тайёр туриши бошқаларда меҳр уйғотарди. Муҳими, Жониқул ака билмаганларини сўраб ўрганишни ор билмасди. Шунинг учун бўлса керак, қачон бормай, далаларида қишлоқ хўжалиги институтимизнинг домлалари юрган бўларди.
Жониқул аканинг нафақат вилоят, балки республика, ҳатто мамлакат миқёсидаги катта анжуманларда сўзлаган нутқига гувоҳ бўлганман. У киши минбарга чиқса, республика раҳбари Шароф Рашидов қувониб кетарди. Чунки бу таниқли раиснинг маънили гапиришини биларди. Бинобарин, Жониқул ака мартабаси баланд, меҳнат қаҳрамони бўлса-да, бирор даврада ўзни баланд тутганини кўрмаганман. Йирик анжуманларда ҳам таниқли зиёлилар билан суҳбатлашишга ошиқарди. Эҳтимол, шу сабабли менинг ёшимдагилар ҳалигача раис бобонинг ана шу фазилатларини эслашади.

Вилоятнинг биринчи раҳбари Владимир Қодиров янги ишга келганида кимдир Жониқул Юсупов ҳақида ёмон маълумот берган. Аммо Владимир Николаевич хўжаликка боргач, Жониқул аканинг ишга, жамоага муносабатини кўргач, бутунлай тескари хулоса билан қайтган. Хўжаликдаги тартиб-интизомга, молиявий масалалардаги ҳалолликка қойил қолган.

Инсоннинг яхши ибрати ҳеч қачон ўлмайди. Негаки, ҳамма замонда ҳам эзгулик одамнинг қадрини оширади, янги ишларга ҳафсала шиддат беради. Меҳнат қаҳрамони Жониқул Юсупов (ҳаёт бўлганида 108 ёшга тўларди) ана шундай умрибоқий ибратга эга инсонлардан бири эди.

Бугун у киши билан бирга ишлашган ёки ҳамсуҳбат бўлган одамлар камдир, аммо эслайдиган, ибратини гапирадиган инсонлар кўп. Жониқул бобонинг невараси Абдумалик Юсупов шундай кишилардан бири. Қаерда Жониқул бобо ҳақида хотира, яхши маълумот бўлса ёки суратлари борлиги ҳақида эшитса, албатта ўша жойга бориб, нусха олиб қайтади. Бугун Абдумаликнинг бисотида алоҳида “Жониқул Юсупов хотирасидан” деган альбом бор. Унда Жониқул ака ҳаёти ва фаолияти, эзгу амалларига оид маълумотлар, суратлар кўп. Сиз кўриб турган расмлар ҳам Абдумаликнинг шахсий архивидан олинди.
Абдушукур Муҳаммадқулов,
меҳнат фахрийси.