Фарзанд таъминотини ўйламаслик оқибати панжара ортига етаклайди, бироқ қарздорлик гарданда қолади

Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шуъбаси фаолиятида алимент ундируви билан боғлиқ ишлар алоҳида эътиборга олинган.

Соҳада бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан алимент қарздорлигини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келинаётган ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1- ва 2-қисми билан 64 та жиноят иши қўзғатилиб, 510 нафар қарздорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-4-моддаси 1-қисми билан маъмурий жазо қўлланилиши таъминланган.

Айрим жиноят ишлари бўйича ўтказилаётган суд жараёнида қарздорлар ўзларига тегишли хулосалар чиқарган ҳолда алимент қарздорлигини тўлаб бериши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Жумладан, Ш.С. фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2015 йил 9 апрелдаги суд буйруғига асосан Ш.Л. нинг фойдасига 2 нафар фарзанди вояга етгунларига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент пулларини 2022 йилнинг июнь ойидан жорий йилнинг март ойига қадар тўлаб беришдан қасддан бўйин товлаб келган. Ҳолат бўйича Ш.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, иш 25 апрель куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судида кўрилиши жараёнида алимент қарздорлигини тўлиқ қоплаб берганлиги боис иш суд ажримига асосан тугатилган.

Айрим қарздорлар ўзларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тегишли хулоса чиқармаганлиги сабабли уларга нисбатан суд ҳукмига кўра жазо чоралари тайинланмоқда.

Хусусан, К.Л. фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2022 йил 25 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, Қ.М.нинг фойдасига бир нафар, ундирувчи К.Н.нинг фойдасига бир нафар ва ундирувчи И.С.нинг фойдасига ҳам бир нафар, яъни 3 нафар вояга етмаган фарзандларини вояга етгунларига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг олтидан бир қисми миқдорида бўлган 14 миллион 126 минг сўм алимент пулини тўлаб беришдан қасддан бўйин товлаб келган.

Ҳолат бўйича Қ.Л.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани судида кўрилиб, 6 мартдаги ҳукмга кўра, қарздор Қ.Л.га 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги 427-сон қарорига мувофиқ, “Алимент тўловлари жамғармаси” ташкил этилганлиги, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликларни, яъни жиноят натижасида етказилган зарарни бир йўла ундирувчиларга тўлаб бериш белгиланган.

Вилоятимизда мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирги кунга қадар 45 та жиноят иши бўйича 386 миллион сўмлик зарарлар ундирувчиларга тўлаб берилган.

Мисол учун, жиноят ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг ҳужжатига асосан, Т.Ф.дан Г.Қ. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Бироқ қарздор бир неча маротаба огоҳлантирилганлиги ва маъмурий жазога тортилганидан тўғри хулоса чиқармай, икки ойдан ортиқ муддат давомида алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Иш жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судида кўриб чиқилиб, Т.Ф.ни озодликдан маҳрум этиш ва ундан Г.Қ. фойдасига 16 миллион 842 минг сўм миқдорида зарар ундириш тўғрисида қарор чиқарилган.

Мазкур ижро ҳужжатига асосан “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан қайд қилинган миқдордаги пуллар ундирувчи номига очилган банк пластик картасига кўчириб берилди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судида кўриб чиқилган иш бўйича қарздор Т.М. озодликдан маҳрум этилиб, ундан ундирувчи Н.Ҳ. фойдасига 27 миллион 742 минг сўм миқдорда зарар ундириш тўғрисида қарор чиқарилган. Шу асосда “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 27 миллион 742 минг сўм пул ундирувчи номига очилган банк пластик картасига кўчириб берилди.

Азамат Миршаев,

МИБ вилоят бошқармаси суриштирувчиси.