Фредерик Бопертью-Брессанд хонимнинг аждодлари ўзбек бўлганми?
САМАРҚАНДГА ИЛК МУҲАББАТ
Кийимидан тортиб қадим Бухоро, Самарқанд меъморий обидалари тасвири туширилган эски суратларни авайлаб жойлаб қўйган сафар сумкасию тақинчоқларигача самарқандлик ҳунармандлар томонидан ясалган. У бу либосларни кўз-кўз қилиш учун фақат Ўзбекистонда эмас, АҚШ, Испания, Франция - иш юзасидан қайси давлатга бормасин, ўша ерда ҳам кияди. Унинг гардеробида бундай либослар, адрас чопон, нимча, лозим, кўйлак ва дўппиларнинг хилма-хили мавжуд.
Фредерик хоним шунчаки тарихий обидаларимиз ва маданий меросимиз, либослару санъатимизга ошуфта сайёҳ аёл эмас. Фредерик Бопертью-Брессанд - тарихчи олима, Франциядаги "Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар" ассоциацияси президенти. Ассоциация муассислигида чоп этиладиган "La Timuride" журнали бош муҳаррири. Фредерик хонимнинг Ўзбекистон, темурийлар тарихи билан боғлиқ тадқиқотлар олиб боришию бу ўлкани чуқур тадқиқ этиши фақат ассоциация раҳбарлиги туфайли эмас, бу ишларнинг илдизи унинг муҳаббати туфайлидир. Ўзбекистонга, Самарқандга мафтунлиги бир пайтлар касбининг ҳам ўзгаришига сабаб бўлган.
- Биринчи марта Ўзбекистонга 1977 йилда келгандим, - дея хотирлайди Фредерик хоним. - Ўшанда Франциядаги университет талабаси бўлиб, рус ва хитой тилини мукаммал ўрганаётгандим. Рус тилини яхшироқ ўзлаштириш, унинг барча нозикликларини тушуниш учун собиқ иттифоқ таркибидаги қарийб барча давлатларда бўлдим. Шундай сафарлардан бирида Самарқандга ҳам келдим. Илк ташрифимданоқ бу ер мен учун тушунтириб бўлмас даражада қадрдон туюлди. Францияга қайтгач, миноралару нилий гумбазлар тушларимга кира бошлади. Орадан бир неча йил ўтгач, яна келдим.
Шоҳи Зинда, Регистон, Бибихоним… Ҳар бирининг тарихию яқин ўтмиши билан қизиқиб, ўрганарканман, бу вақт давомида бу ернинг одамларидаги самимият, ҳунармандлари маҳсулотларидаги жилоларига янада кўпроқ боғланиб қола бошладим. Фотоаппаратимни олдиму шаҳарни пиёда айландим. Обидалар, кўчалар, одамлару бинолар бир-бир фотоаппарат нишонига туша бошлади. Францияга қайтгач, уларни томоша қиларканман, фотокўргазма учун етарлича суратлар борлиги хаёлимдан ўтди. Хаёл кўп ўтмай ҳақиқатга айланди. Кўргазмада Ўзбекистон тарихидан хабардор, темурийлар даврини ўрганган бир неча олимлар ҳам иштирок этди. Темурийлар даврининг бой маданий меросини тадқиқ этган франциялик олим Люсьен Керен билан ҳам шу кўргазмада танишдим. У билан темурийлар даври ҳақида анча суҳбатлашдик. Шундан сўнг бу давр тарихи, Темур шахси, унинг ота, ҳукмдор, дипломат, жангчи сифатидаги қирралари ҳақида ҳар ҳафта суҳбатлашадиган бўлдик.
"Кўргазма баҳонасида сиз билан танишиб, темурийлар тарихи билан боғлиқ қизиқишларимни баҳам кўряпман. Эҳтимол, бу даврга қизиқувчилар кўпдир. Уларни жамлаб, ассоциация ташкил қилсак, нима дейсиз?". Бу таклифим олимга маъқул келди. Шу тариқа кўп ўтмай, 1988 йилнинг 22 мартида Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси ташкил этилди. Узоқ йиллар ушбу уюшмага устозимиз, тарихчи олим, профессор Люсьен Керен бошчилик қилди. Шундан сўнг суҳбатлар қизғин иш жараёнига айланди. Аввал Франция, сўнг темурийлар тарихини ўрганувчи ҳамда қизиқувчи бошқа давлат олимларини ассоциацияга жалб эта бошладик. Ўша йилларни эслайман. Ўзбекистонга ассоциациямиз ташкил этилганлигини маълум қилиш ҳамда ҳамкорликда иш олиб боришни таклиф этиш мақсадида ташриф буюрдик. Минг афсус, бу пайти собиқ иттифоқ тузуми таркибида бўлган мамлакатда Амир Темур шахси ҳақида пичирлаб гаплашишар эди. Фақат 1991 йил, яъни Ўзбекистон суверен давлат сифатида эълон қилингандан сўнг алоқалар яхшиланиб, ҳамкорликда қатор ишларни ташкил этдик.
ЎЗБЕК МАДАНИЯТИНИНГ ФРАНЦИЯДАГИ ТАРFИБОТЧИСИ
Ассоциация томонидан амалга оширилган ишлар хусусида қисқача тўхталиб ўтсак. Уюшма томонидан ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти, Темурийлар тарихи давлат музейи ва бошқа ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилди. Фредерик Бопертью-Брессанд 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейи доирасида ўтказилган халқаро конференцияда "Темурийлар даври мусиқаси" мавзуидаги маъруза билан иштирок этди. Шу йилларда Парижда "Мовий Самарқанд" ва "Сеҳрли Самарқанд" китоб-альбомлари нашр этилди. Самарқандда ўтказилган китоб тақдимотларидан бирида "Сиз туфайли Самарқандга бошқача назар билан қарай бошладик" деган лутфни эшитган Фредерик хоним бу эътирофни ҳалиям кўнглида асраб юради. Ассоциация Ўзбекистон маданияти ва санъатини нафақат Франция, балки бутун Европа, АҚШда ҳам кенг тарғиб қилмоқда. Хусусан, Парижда Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиеванинг концерти, рассом Бобур Исмоилов ва кулол Абдулла Нарзуллаевларнинг кўргазмалари ташкил этилди.
2016 йилда Германияда ўтказилган "Алишер Навоий ва унинг жаҳон адабиёти ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси" мавзуидаги халқаро конференцияда ассоциациямиз аъзолари ўз маърузалари билан қатнашдилар. Умуман, фаолияти давомида ассоциация томонидан Ўзбекистон маданияти, темурийлар даври, ўша даврга оид маданий ҳаёт мавзуларида турли давлатларда 200 га яқин конференциялар ташкил этилди.
Бу ишларнинг ҳаммаси ассоциация режаси ижроси учун эмас, балки Фредерик хонимнинг фидойилиги, шу юртга муҳаббати туфайли амалга оширилган, десак кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Аммо Фредерик хонимни бир неча йиллардан бери танийдиган самарқандлик дўстлари унинг бир сирини фош этиб қўйишди: "У кўпинча Ўзбекистон ҳақидаги китобларини нашр эттириш, хорижда ўтказаётган конференциялари учун маблағни оилавий бюджетидан ажратади".
"ОНАМИЗНИНГ АЖДОДЛАРИ ЎЗБЕК БЎЛГАН"
Оиладагилари Фредерик Бопертью-Брессанднинг қадим Самарқандга муҳаббатини тўғри қабул қилишади. Париждаги хонадонидан катта бир уй фақат ўзбекистонлик ҳунармандлар ясаган маҳсулотлар билан безалган. Унда бешикдан тортиб турли хилдаги каштаю сўзаналаргача, кўзалардан тортиб офтобаларгача бор.
- Қизимнинг тили чиққанда айтган биринчи сўзи биласизми нима? - суҳбатни давом эттиради Фредерик хоним. - У сю-за-не, деб гапира бошлаган. Уни ҳатто бешикда катта қилмоқчи бўлгандим. Тўрт фарзандимнинг ҳамммаси ўзим каби Ўзбекистонга меҳр қўйган. Шарқ дунёси уларниям мафтун этган.
Ўзбекистонлик дўстларим уйимизга ташриф буюришади, мен ҳам уларникида меҳмон бўламан ва бу дўстликни жудаям қадрлайман. Ўғлимни уйлантиришим муносабати билан ўтказилган тўй маросимида дўстим Муножот Йўлчиеванинг ташрифидан бошим осмонга етганди. Унга қўшиқ айтиб беришини илтимос қилдим, у рад этмади.
Ҳа, ўз фарзандининг тўйида узун адрас либосда, ўзбек мумтоз ашуласига рақс тушаётган француз хонимини тасаввур қилиш қийиндир. Аммо ёнидагилари Фредерик хонимни шундай танийдилар. Унинг дўстлари ҳам Шарқ дунёсини чуқур тушунувчи инсонлар. Фарзандларининг "Онамизнинг аждодлари ўзбек бўлган", деган ҳазиломуз гапларига жилмайиб қўя қоладиган хоним қарийб қирқ йилдирки, кўнглидаги бу меҳр сабабларини айтиб бера олмайди, бу ҳолга изоҳ топишдан кўра, ҳар гал келганида мамлакат тарихи билан боғлиқ янгиликларни ўрганиб кетишни афзал билади. Бу сафар ҳам обидаларнинг тарихий суратларини излаб музейларни айланди, олимлар билан учрашди. Самарқанддаги ўлкашунослик, Ўзбекистон маданияти тарихи музейи ходимлари билан қизғин баҳсга киришди. Афсус, маълум сабабларга кўра тарихий обидаларнинг қадимий суратларини ўша кун кўриш унга насиб этмади.
- Ҳали шаҳар ҳокими билан ҳам учрашишим керак, - дея режаларига назар ташлади хоним. - Аммо бу бироз мураккаб бўлса керак-а. Лекин вақтим бор, у кишини кўрмасам бўлмайди, ахир келгуси йили ассоциациямиз ташкил этилганлигининг 30 йиллигини шу ерда ҳам нишонлашни ният қилганмиз.
Унгача Фредерик хоним "Сабр" маркази томонидан ташкил этилган, ёрдамга муҳтож, ишсиз хотин-қизларга бепул касб-ҳунар ўргатиш марказлари фаолияти билан танишиб чиқди. Бир неча марта ушбу марказ билан ҳамкорликда хорижда "Ўзбекистон хотин-қизлари" кўргазмаси ташкил этилган бўлиб, унда ҳам Фредерик хоним фаол иштирок этганди. "Ўзбек аёлларининг самимийлиги, жамиятда фаол эканлиги, оилапарварлиги каби фазилатларини жудаям ҳурмат қиламан", дея бу қизиқишига изоҳ беради хоним.
Фредерик хонимнинг Самарқандга бу галги ташрифи фақат шулар билангина чеклангани йўқ. Халқаро конференцияда иштирок этиш, археология институти олимлари томонидан Самарқанд туманидаги Кофирқалъада олиб борилган ишлар билан танишиш, ўзи алоҳида меҳр қўйган, ҳар бир обидаси ёд бўлиб кетган Шоҳи Зинда мажмуасини яна бир кўриш, дўстлари билан учрашув - тиғиз график асосидаги самимий мулоқотлар ҳаммаси унинг учун жудаям қадрли.
Аллақайси эътиқодга кўра, инсон бир неча умрни яшаб ўтиши мумкин экан: турли асрларда, турли қиёфаларда. Агар шу фикрга таянадиган бўлсак, эҳтимол, Фредерик хоним ҳам XV асрларда айнан Самарқандда, янаям аниқроғи, темурийлар саройида яшаган бўлиши керак. Унинг Шарқ дунёси, хусусан, Ўзбекистон, Самарқандга нисбатан муҳаббати сабабини аниқлаш учун бошқа изоҳ топа олмадик.
Гулруҳ МЎМИНОВА,
«Зарафшон» мухбири.
("Зарафшон" газетаси, 2017 йил 7 октябрь, 125-сон)