Грен-карта ютиш – бу Америкага бориш осон, дегани эмас
Яқинда матбуотда, телевидениеда Америка давлатининг Грен-карта лотереяси тартиб-тамойиллари ва қулайликлари ҳақида бонг уришди. Шу сабаб кўпчилик юртдошларимиз ушбу лотереяни ўйнашга киришди...
Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтган «Баҳор» масъулияти чекланган жамияти (фирма номи ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига жавобгар - Имона Абдуллаевага (исм-фамилия ўзгартирилган) нисбатан грен-карта ўйнатишда тарафлар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ юзага келган қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Суд жараёнида даъвогар «Баҳор» МЧЖ раҳбари даъво аризасини қувватлаб, Самарқанд шаҳридаги Давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтганлигини, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келиши ва низом асосида иш юритиб, “Diversity Visa” компьютер программасида иштирок этишини билдирган. Яъни, МЧЖ интернетдаги www.dvlottrey.state.gov расмий сайтида “буюртмачи” номидан ариза тўлдириш, компьютер орқали матн аризани келтириб бериш, имиграция визасини олиш борасида таржимонлик ва таҳрир, консалтинг каби хизмат турларини амалга ошириб келган.
2017 йилнинг куз ойларининг бирида жавобгар Имона Абдуллаева «Баҳор» МЧЖ ўртасида «Diversity Visa-2019» компьютер программасида иштирок этиш учун DV компьютер программасининг расмий сайтида ариза тўлдириш ва компьютер орқали матн аризани келтириб бериш каби хизматларни кўрсатиш борасида 1060-сонли шартнома тузган. Ушбу шартнома шартларига кўра, «Баҳор» МЧЖ «Diversity Visa-2019» компьютер программасида иштирок этиш учун DV компьютер программасининг расмий сайтида И.Абдуллаева номидан ариза тўлдирган ҳамда компьютер орқали матн аризани келтириб берган.
Натижада жавобгарга “DV-2019” имиграция визаси дастурида ютуқ совриндори бўлгани, шартноманинг 3,1 бандига кўра, «Компьютер танлов асосида Diversity Visa программасида ютуқ чиққани ҳолда Америка давлат департаментидан www.dvlottrey.state.gov расмий сайтидан биринчи таклифнома хати қабул қилганлиги ҳақида хабар берган. Буюртмачи ижрочи томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ 10 (ўн) кун давомида энг кам ойлик иш ҳақининг 135 (бир юз ўттиз беш) баробарига тенг миқдорда тўловни амалга ошириши шарт”лиги кўрсатиб ўтилган. Бироқ жавобгар ҳозирги вақтга қадар бир неча бор оғзаки ва ёзма огоҳлантиришларга қарамасдан, шартнома бўйича юзага келган мажбуриятни ихтиёрий равишда бажаришдан бўйин товлаб келган.
Суд мажлисида жавобгар И.Абдуллаева даъво аризасини тан олмасдан, 2017 йилда имзоланган шартнома нотўғри ва ноқонуний эканлиги, шартноманинг шартлари таништирилмагани, шартлардаги сумма қиммат ҳисоблангани каби важларни билдириб, суддан «Баҳор» МЧЖнинг даъво аризасини рад этиш ҳамда даъвогарнинг хатти-ҳаракатига нисбатан хусусий ажрим чиқаришни сўраган.
Cуд даъвогар «Баҳор» МЧЖнинг жавобгар И.Абдуллаевага нисбатан шартнома бўйича юзага келган қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.
Жавобгар И.Абдуллаевадан жамият фойдасига 27 миллион 368 минг 550 сўм шартнома бўйича қарздорлик ва 1 миллион 94 минг 742 сўм давлат божи ва 14 минг 190 сўм суд почта харажатлари ундириб берилган.
Шунингдек, суд томонидан хусусий ажрим чиқарилиб, жавобгар И.Абдуллаева билан «Баҳор» МЧЖ ўртасида тузилган 2017 йил 17 сентябрдаги шартномани имзолашда ва тузишда тарафларнинг ўзаро муносабатларига ойдинлик киритиш, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан бир-бирига зарар етказган ёки етказилмаганлик ҳолатлари бор-йўқлигига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Самарқанд шаҳар прокуратурасига юборилган.
Мазкур қарорга келишда суд грен-карта лотереясининг кирдикорларидан холи ҳолда, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг қонунийлигига, даъвогарнинг Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги” қонунига мувофиқ хулосага келган.
Юқоридаги мисолдан кўринадики, фуқароларимизга мазкур лотереяда иштирок этишда унинг шартлари билан тўлиқ танишиб, албатта, чет тилларини мукаммал билган ҳолда хулосага келишлари лозим.
Муҳаббат РАБИЕВА, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси.
Камол НАМОЗОВ, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси.