Грин-карта ютиб, АҚШга бора олмаётган одамлар Трампни судга берди
Бир қатор мамлакатлардаги фуқаролар Грин-карта ютиб, Америкада яшаш ҳуқуқига эга бўлган. Аммо АҚШ ҳудудига киришга рухсат ололмаётган одамлар мамлакатга киритишларини талаб қилиб, Доналд Трамп ва АҚШ Давлат котиби Майк Помпеони судга беришди.
Коронавирус пандемияси туфайли бутун дунё бўйлаб фавқулодда зарур бўлмаса, Америка элчихоналари томонидан виза берилмаяпти ва суҳбатлар ўтказилмаяпти. Бундан ташқари, Трамп апрель ойида хорижий фуқаролар учун мамлакатга киришни тақиқлади. Шу жумладан, Грин-карта ютган шахсларга ҳам.
Даъвогарлар орасида Россия, Туркия, Ўзбекистон, Украина, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Фаластин, Миср ва Сурия фуқаролари мавжуд.
Кўплаб даъвогарлар уй-жойларини сотиб, ишлаб турган иш жойларидан бўшаганларини, уларнинг АҚШга кўчиб ўтиши номаълум муддатга қолдирилгани, эҳтимол, умуман бунга рухсат берилмаслиги мумкинлиги сабабли судга даъво қилганликларини айтишмоқда.
Даъвогарлар Трамп ва Помпеога 8 та банд бўйича эътироз билдирмоқда. Суддан Трамп апрель ойида қабул қилган қарорни бекор қилишни ва Грин-карта ютган хорижий фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини АҚШ ҳудудига киритишни талаб қилмоқда.