Грузия бош вазири Баку ва Ереванга Тбилисида музокаралар ўтказишни таклиф қилди

Грузия бош вазири Георгий Гахария Озарбайжон ва Арманистонга ҳарбий тўқнашувларни тўхтатиш мақсадида Тбилисида музокаралар ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.

“Минтақада иложи борича тезроқ тинчлик ўрнатилиши барчамизнинг умумий манфаатимиздир. Грузия Тбилисида томонлар вакилларининг музокараларини ўтказишга ҳар қандай шаклда ўз ҳиссасини қўшишга тайёр”, деди Гахария.

Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида юзага келган ҳарбий тўқнашув оқибатида оғир вазият юзага келмоқда. Кўп сонли қурбонлар бор. Бироқ шунга қарамасдан, ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмаяпти, музокаралардан эса дарак йўқ. Гахария вазиятнинг янада кескинлашиши бутун минтақа хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, Грузия бош вазири ЕХҲТ Минск гуруҳини ва халқаро ҳамжамиятни вазиятни юмшатиш ва музокаралар бошланишини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирди.