Ҳарбий-маъмурий секторда аҳвол қандай?

Самарқанд вилоятидаги ҳарбий муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ҳарбий-маъмурий секторнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, ўтган йили 18 нафар ҳарбийларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредит ажратилиб, 42 нафари тадбиркорликка ўқитилди. Ҳарбий хизматчилар оила аъзолари бандлигини таъминлаш мақсадида 21 марта меҳнат ярмаркалари ўтказилди. Мазкур ярмаркалар орқали 432 кишининг бандлиги таъминланди.

Қайд этиш лозимки, тизим ходимлари ва фахрийларни уй-жой билан таъминлаш ҳам доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, ушбу мақсадда Самарқанд шаҳар “Обод маскан” маҳалласи ҳудудида 210 та хонадондан иборат кўп қаватли уй барпо этилди. Байрам олдидан 120 та уй Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари, хизмат вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, ҳарбий пенсионерларга топширилди. Январь ойи охирига қадар яна 90 та янги уй ўз эгаларига берилади.

Шунингдек, “Ватанпарвар” маҳалласида жойлашган ҳарбий шаҳарчадаги хизмат уйлари Самарқанд шаҳар ҳокимлиги балансига олиниб, 800 дан ортиқ ҳарбий пенсионерларга хусусийлаштириб берилди.

Айни пайтда Ургут туманидаги чегара қўриқлаш взводи ҳарбий хизматчилари учун 4,4 миллиард сўм маблағ асосида 24 хонадондан иборат хизмат уйлари қурилмоқда.

Ҳарбийлар ҳақида гап кетганда дала ўқув майдони алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиз. Шу маънода “Сазағон” дала ўқув майдонида 4,5 миллиард сўмлик қайта қуриш ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда ушбу ўқув майдонида ҳарбий-тактик ўқув машқларини такомиллаштириш бўйича амалий машғулотлар олиб борилмоқда.

Ҳарбий шаҳарчада 50 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган марказ тизим ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига хизмат кўрсатадиган госпитал сифатида Марказий ҳарбий округга топширилди. Умуман, ҳарбий-маъмурий сектордаги ижобий ўзгаришлар ҳақида гап кетганда “Н” сонли ҳарбий қисм шахсий таркиби учун қурилаётган ошхонани ҳам айтиб ўтиш ўринли. 3,5 миллиард сўм маблағ сарфланаётган 200 ўринли аскарлар ошхонаси барча шарт-шароитларга эга бўлади.

Айни кунларда ватанпарварлик ойлиги доирасида умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар мактабларида ҳамда чекка қишлоқларда “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида маънавий-маърифий, спорт тадбирлари, учрашувлар, ҳарбий чиқиш ва кўргазмалар ҳамда концерт дастурлари ўтказилмоқда.

Бугунги кунгача 5 минг 550 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар, 1 500 дан ортиқ спорт мусобақалари, 300 дан ортиқ ҳарбий техникалар намойиши ташкил этилди. Бу тадбирларда 60 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.

2 минг 564 нафар ҳарбийларнинг оила аъзолари ва ҳарбий пенсионерлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланганларни амбулатор ва стационар тарзда даволаш чоралари кўрилмоқда.

Албатта, амалга оширилаётган ишлар бу билан чекланиб қолмаган. Энг муҳими, ижобий ўзгаришлар давом эттирилади. Бунинг учун ҳарбий-маъмурий секторнинг 2021 йилга  мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий касбга йўналтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар барча маҳаллаларда тизимли равишда давом эттирилади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги “Ватанпарвар боғи” концепциясини бугунги кун талаблари асосида ишлаб чиқиб, фойдаланишга топширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Қаҳрамон Очилов,

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари, вилоят ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарининг ҳарбий масалалар бўйича ўринбосари.