Ҳайдовчи минг кишини қандай меҳмон қилди?
Ёши улуғ кишилар яхши эслайди: замон-замон бўлиб, ҳеч қачон бугунгидек тинчлик-хотиржамлик, маъмурчилик, фаровонлик бўлмаган. Бугунги авлодга йўқчилик, касаллик, бир бурда нонга зор, очликдан ўт, кунжара еб шишиб ўлган даврлар энди эртакдай туюлади. Давлатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб, халқимизнинг тўқ, фаровон турмуш кечириши учун шарт-шароит яратмоқда. Дўконлар, бозорлар расталари ноз-неъматлар билан тўла. Тўй-маъракаларимизда дастурхонимизда егулик-ичгулик мўл.
Аммо… Аммо дастурхонга тортилган неъматларнинг ҳаммаси истеъмол қилиняптими? Бир киши қанчалик оч ёки, кўпол бўлсада, еб-тўймас бўлмасин дастурхондаги таомларни бир ўзи ея оладими? Тўй-маъракадан қолган овқат қолдиқлари, синдирилиб ейилмай қолган нон бўлаклари увол эмасми?
Яқинда бир даврада кекса отахон қўшниси бўлка нон билан, яна бир киши ун билан мол боқаётганини айтиб қолди.
Исрофгарчилик қандай пайдо бўляпти? Ҳар хил ортиқча маросим, удумлар, даҳмазаларни ким ўйлаб топаяпти?
Ҳаммаси аввало тўқликдан. Кейин, манманлик, шуҳратпарастликдан. Ориятли, ўжар, билганидан қолмайдиган мағрур халқмиз. Бир-биримизга ўзимизни кўрсатиб қўйишни истаймиз. Сарф-харажат, исрофгарчиликни ўйламаймиз. “Бош ёрилса, дўппи тагида”. Еламиз, югурамиз, емаймиз-ичмаймиз, қарз-ҳавола қиламиз, лекин тўйни бошқаларникидан бир поғона ўтказиб қўйишга интиламиз.
…Ўтган асрнинг 70-йиллари эди. Янгича, «комсомолча» тўйлар энди расм бўла бошлаган, одамлар стол-стулга дастурхон тузаб, ўртага яшиклаб ароқ қўйишни одат қилаётган пайт. Жамоа хўжалигимизда шофёр бўлиб ишлаётган йигит ўғлининг суннат тўйини шу тарзда ўтказди. Тумонат одам. Уларнинг ярими таклиф қилинган бўлса, ярими «янгича тўй»ни томоша қилишга қизиқиб келган. Тўй бошланди. Стол-дастурхон егулик-ичгуликдан синай дейди. Ўша кунлари Россиянинг Брянск шаҳридан ғўзани дефолиация қилиш учун самолётлар ёрдамга келганди. Жамоа хўжалиги меҳмонхонасида яшаётган экипаж аъзоларини меҳмон сифатида тўйга таклиф этишган экан. Ёнма-ён ўтириб қолдик. Қанча манзират қилмайлик, учувчилар эҳтиёт бўлиб дастурхонга қўл узатишарди. Қистайверганимиздан сўнг «пулини ким тўлайди?» деб сўрашди. Зиёфат бепуллигига зўрға ишонтирдик. Учувчилардан бири «70 сўм ойлик оладиган бир шофёр минг кишини қандай меҳмон қиляпти?» деб ҳайратини яширолмади.
Ўшандан бери орадан ярим аср ўтяпти. Аммо миллий урф-одат, анъаналаримизга зўрлаб тиқиштирилган «коммунистча турмуш тарзи», «коммунистча маданият» ҳаётимизда тузалмас иллат бўлиб қолди. Майли, тўйни ресторанда ўтказайлик, ташкилий ташвишларимиз анча енгиллашади. Бироқ, бу 300 кишини тўйга айтиб, 1000 кишилик дастурхон ёзиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш дегани эмас-да.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.