Ҳоким билан учрашувдан сўнг Омондарада нималар ўзгарди?
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов жорий йилнинг 23 апрель куни Нуробод туманининг олис ҳудудида жойлашган Омондара маҳалласида бўлиб, аҳоли билан учрашган эди.
Бу ерда одамларни қийнаётган муаммолар ўртага ташланди. Уларнинг ечими бўйича масъулларга зарур топшириқлар берилди. Хўш, бу учрашувдан сўнг нима ўзгарди? Белгиланган вазифалар ижроси бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти? Шу саволларга жавоб излаб маҳаллага бордик.
4200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган маҳалла тоғлар этагида, қир-адирлар бағрида жойлашган бўлиб, 5 қишлоқни ўз ичига олади. 2018 йилда маҳалла марказий кўчасининг 3,5 километри таъмирлангани ҳисобга олинмаса, бу ҳудудда ўтган асрнинг 80 йилларидан бери йўлга асфальт ётқизилмаган. 2 мингдан зиёд симёғочлардан 1600 таси яроқсиз аҳволга келиб қолган.
- Апрел ойида бўлиб ўтган учрашувда вилоят ҳокими ҳудудимизда 10,5 километрлик марказий кўча асфальт қилинишини, қишлоқларнинг ички кўчаларига шағал ётқизилишини таъкидлаган эди, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Ҳамза Тоҳиров. – Орадан кўп вақт ўтмай шу ва бошқа масалалар бўйича берилган топшириқларни бажаришга киришилди. Маҳалла ҳудудидаги яроқсиз ҳолатга келиб қолган симёғочлар бетон устунларга алмаштириляпти. 5 та янги трансформатор ўрнатилиб, 48 километрлик электр тармоғи янгиланиши режалаштирилган. Марказий кўчамиз асфальт ётқизишга тайёрланяпти.
- Ишсиз эдим, ногирон фарзандимга қаровчи бўлмагани учун узоққа бориб ишлай олмасдим, - дейди Чўнқаймиш қишлоғида яшовчи Сурайё Асомова. – Вилоят ҳокими билан ўтказилган учрашувда қишлоғимизда сартарошхона ва аёллар учун “Гўзаллик салони” йўқлигини айтгандим. Эркинжон Турдимов топшириғи билан ҳовлимизнинг ёнгинасида енгил конструкцияли бино қурилиб, барча шароитларга эга аёллар ва эркаклар сартарошхонаси ишга тушди. Ҳам ўзим, ҳам турмуш ўртоғим ишли бўлди.
Шу пайтга қадар маҳалла фуқаролар йиғини ҳам эски кўримсиз бинода фаолият олиб бораётган эди. Бугун фаоллар учун етарлича шароит яратиш мақсадида замонавий янги бино қурилмоқда. Маҳалладаги 21-мактаб филиалига қатновчи ўқувчилар, айниқса, ёғингарчилик пайтларда сойдан ўтишга қийналаётгани инобатга олиниб, замонавий кўприк бунёд этиляпти.
Шунингдек, маҳаллада 2 та артезиан қудуғини қазиш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга ҳам киришилди. Бир сўз билан айтганда, Омондара аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш, турмуш фаравонлигини ошириш учун кенг кўламли ишлар бошланиб кетди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Сулаймон МАРДИЕВ.