Ҳоким энди Кенгашни бошқармайди ёки Конституцияга киритилган ўзгартишларни биласизми?

Айримларда ҳамон “Нега Конституциянинг янги таҳрири”, дейилиши ҳақидаги саволга ўринли жавоб йўқ. Аввало, Асосий қонун қайта қабул қилинмаганини 8 декабрь - Конституция куни сифатида нишонланаётганидан ҳам англаш мумкин. Унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар шу пайтгача амалга оширилганларидан кўлами катта. Зотан, Бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди.

Шу боис, жорий йил 1 майдан 60 фоиздан кўпроқ янгилангани учун янги Асосий қонунимиз кучга кирди. Хўп, асосий ўзгаришлар нималар?

Бунда биринчи навбатда Конституция тўғридан-тўғри амал қиладиган бўлганинини айтиб ўтиш лозим.

Чунки, 15-моддада “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”, деб белгилаб қўйилди.

Айтиш мумкинки, бу фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита конституциядаги нормаларга асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан, судга мурожаат қилишга имкон берди.

Қайд қилинган тамойил асосида Олий суд тегишли Пленум қарорини қабул қилди. Бу қарор асосида судлар томонидан конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти жорий этилди.

Яна бир муҳим ўзгартиш барча ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилиши бўлди.

Чунки Бош қомусимизда “Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас ...” лиги ҳамда

“... Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”, деган норма мустаҳкамланди.

Бу эса қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилишини билдиради. Шунингдек, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.

Албатта, ўқитувчилар ҳақида алоҳида модда қўйилгани, ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳамда давлат бошқарувидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам узоқ тўхталиш мумкин. Мисол учун, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида 2024 йилги депутатлик сайловлари якунлари бўйича ҳокимларнинг кенгашларда раислик қилишига барҳам берилади.

Туман ва шаҳарларда эса бу амалиётга 2026 йил 1 январдан киришилади.

Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас. Қолаверса, қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Умуман олганда, Конституция нафақат ўқиш, балки уқиб, ундан амалда фойдаланишга лойиқ – Асосий қонунга айланган.

Фурқат Аноров,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.