Ҳоким фаолларни марказий шифохонага олиб борди
Ҳа, шундай. Пахтачи тумани ҳокими халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ва фаоллар билан бирга тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишди.
- Кейинги йилларга тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътиборни ҳаммамиз кўриб турибмиз, эшитяпмиз, ўзимиз ҳам бу жараёнда иштирок этяпмиз, – дейди туман ҳокими Музаффар Ҳамдамов. – Республика ва вилоят бюджетидан ташқари, маҳаллий бюджетдан ҳам салмоқли маблағ ажратиляпти. Туман бюджетининг ошириб бажарилган қисми ва орттирилган маблағлари ҳисобидан ҳам Кенгаш қарори билан тиббиёт учун пул беряпмиз. Хўш, бунинг натижаси қандай бўляпти? Мен-ку бундан хабардорман, вақти-вақти билан тиббиёт бирлашмасига бориб, шароитни ўрганаман, янги жиҳозлардан қандай фойдаланилаётгани билан қизиқаман, беморлар ва уларнинг яқинлари фикрини эшитаман. Лекин депутатларимиз, туманимиз фаоллари-чи? Улар ўзгаришлар ва янгиликлардан бохабарми? Ана шу савол сабаб туман марказий шифохонасига бориб, ҳолат билан яқиндан танишишга қарор қилдик.
Вилоят марказидан 100 километр олисдаги туман аҳолиси саломатлигидаги муаммо юзасидан Самарқанд шаҳрига келиб-кетиши қийин. Навоий вилояти яқин бўлгани билан бошқа ҳудуд, аҳоли кўплаб тиббий хизматлардан бепул ва имтиёзли фойдаланиши учун ўз яшаш жойидаги муассасаларга мурожаат қилиши керак. Шундай бўлгач, 152 мингдан кўпроқ пахтачиликларга туманнинг ўзида нафақат бирламчи, балки ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилади. Кейинги йилларда туман тиббиёт бирлашмасида олиб борилаётган ишлар ана шу талабдан келиб чиқмоқда.
– Ўтган йил болалар бўлими, физиотерапия, қон қўйиш бўлимлари бинолари таъмирланди, кўп тармоқли марказий поликлиника базасида болалар бўлими очилди, – деди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Сувонов. – Физиотерапия бўлимига ўн турга яқин янги замановий аппаратлар олиб келинди. 2 миллиард сўм маблағ сарфланиб, марказий шифохонанинг оқова тизими янгиланди. Туманлараро қўшма шикастланишлар, ўткир юрак-қон томир касалликлари, гемодиализ марказлари ташкил қилиниши ушбу турдаги хасталиклардан азият чекадиган беморларнинг Самарқанд ёки Навоий шаҳрига бориб, даволанишига чек қўйди. Туғруқ мажмуаси барча зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Тез ёрдам хизмати такомиллашди. Марказий шифохонамизда шу пайтгача туманларда бўлиши орзу ҳисобланган мультиспирал компьютер тамограф (МСКТ) аппарати олиб келинди. Шунингдек, мобил рентген, лапораскоп ускуналар, янги операцион стол ва бошқа жиҳозлар аҳоли кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини бир неча баробар оширди.
Тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиника, 4 та оилавий поликлиника ва 7 та оилавий шифокорлик пунктида 130 ўриндан иборат кундузги стационар, шифокор олди кўрик хоналари ташкил этилди. Шу пайтгача узоқ масофага қатнаб, бирламчи тиббий хизматдан фойдаланган аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 12 та олис ҳудудда контейнерлардан иборат тиббий пунктлар фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳоким бошчилигидаги туман фаоллари бирлашманинг хўжалик ишлари фаолиятигача танишди. Танишув жараёнида марказий шифохона ва бошқа тиббий муассасалар фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди, чора-тадбирлар белгиланди.