Ҳужжати мукаммал бўлмаган уй-жойлар бўйича бош оғриғи барҳам топади
Худди шундай. Кўпчилик юртдошларимизни қийнаб келаётган ҳужжатсиз, бошқача айтганда эгалик ҳуқуқи тўлиқ бўлмаган ер участкалари ва уй-жойлар масаласида аҳолига яна бир бор енгиллик ва қулайлик яратилмоқда. Бунинг учун фуқаролар ўз вақтида ҳаракат қилиб, қонун қабул қилингандан бошлаб, 2028 йилнинг 1 январь санасигача акциядан фойдаланган ҳолда ер участкалари ва уй-жойларини расмийлаштириб олишлари лозим бўлади.
“Гап нима ҳақида боряпти”, дейсизми? Маълумотларга кўра, Ўзбекистон бўйича ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи турли сабабларга кўра охирига етказилмаган 3,8 миллиондан ортиқ 493 минг гектар ер участкалари мавжуд экан. Амалдаги қонунчиликда эса ушбу муаммоли ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишнинг ҳуқуқий асоси ва тартиби мавжуд эмас.
Шу пайтгача ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта акция эълон қилинган эди. Уларда ҳаммаси бўлиб 1 миллион 338 мингта ўзбошимча қурилган уй ҳужжатлаштирилган.
Хусусан, 2018 йилда Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 621 минг нафардан ортиқ фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида тегишли рухсатномасиз қурилган уй-жойларига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилиб, уларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган эди. Шунга қарамай, яна 126 мингдан ортиқ фуқаронинг рухсатномасиз қурилган уй-жойларига нисбатан эгаликни белгилаш масаласи очиқ турибди.
Бу каби муаммоларни ҳал этиш бўйича яна 3 йиллик давлат акцияси кутилаётганлиги тўғрисида кейинги пайтларда матбуотда бир қатор материаллар эълон қилинди. Айни пайтгача “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган.
Мазкур қонунда назарда тутилаётган айрим жиҳатларга қисқача тўхталиб ўтсак. Жумладан, якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса, барча ҳудудларда 0,24 гектардан, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган бўлса, Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида 0,06 гектардан, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмайдиган ҳажмда расмийлаштириб берилади.
Якка тартибдаги уй-жой эгаллаган ер участкасининг амалдаги майдони юқорида келтирилган ҳажмлардан ортиқча бўлса, ер участкасининг ортиқча эгалланган қисмига томорқа ёки деҳқон хўжалигини юритиш учун ижара ҳуқуқи эътироф этилади.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, ҳозирги кунда айрим фермерлар, фуқаролар томонидан ғаллачилик, пахтачиликка мўлжалланган суғориладиган ерлар ҳам ўзбошимчалик билан эгалланган ҳолатлар бор. Бино ва иншоот, якка тартибдаги уй-жой суғориладиган ерларда жойлашган тақдирда, ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи қонунчилик ҳужжатларига асосан ер фонди тоифаси ўзгартирилганидан кейин кўриб чиқилиши кўзда тутилган.
Қонунда яна бир масала — халқимиз орасида “дача” деб аталадиган дала ҳовлиларга оид муаммолар ҳам тартибга солинмоқда. Шаҳар атрофидаги дала ҳовлилар бугунги кунда расман “Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари”га бирлашган бўлса-да, амалда доимий турар жойларга айланган. Қонун билан ушбу ширкатлардаги хонадонларнинг ҳам қонуний ҳуқуқлари тартибга келтирилиши бу ерда истиқомат қилувчиларни қийнаётган масалаларга ечим бўлади.
Бир сўз билан айтганда, навбатдаги ташаббус фуқароларнинг муаммолари уларнинг фойдасига ҳал этилаётганидан далолат беради.
А.Шамсиқулов,
вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори.