Ибратга тўла хазина

Камина 80 ёш арафасида ҳам жадид боболаримиз ҳақидаги маълумотларни ўқишдан чарчамайман. Хусусан, «Жадид» ҳафталигидаги ҳар бир мақолани синчиклаб ўқиб бораман.

Уларда маърифатпарвар аждодларимиз яратган маънавий хазина ва унинг аҳамияти ҳақида бири биридан яхши материаллар берилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбарининг бундай эл фидойилари ҳаётини ўрганиш ва ундан ибрат олишга ундаш бўйича чорлови ижтимоий ҳаётда жуда катта воқеа бўлди, деб ўйлайман. Негаки, жадидлар қолдирган мероснинг қадр-қиммати, энг аввало, унинг бугунги кунда ҳам кўпчиликка ибрат бўла олишидадир.

Мен бобом Саидризо Ализода ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ материалларни, қўлёзмаларни ўрганиш жараёнида шу нарсага ишонч ҳосил қилдимки, жадидлар элнинг чинакам, ҳақиқий фарзандлари бўлишган. Улар миллат манфаати йўлида жонини ҳам фидо қилишга тайёр туришган. Дунёвий илмларни мукаммал эгаллаганликлари учун миллатни фақат илмгина тараққиётга олиб чиқишига қатъий ишонганлар. Бу йўлда меҳнат, вақт ва маблағларини аяшмаган, маърифат учун нимаики зарур бўлса, барчасини бажаришган, лекин бирор ҳолда, бирор жойда меҳнат ва хизматларини миннат қилишмаган. Шунинг учун ҳам бобомнинг фаолияти билан боғлиқ ҳар бир янги ҳужжатни топганимда уни кўзларимга суртаман, уни бағримга босаман.

Миллат фидойилари учун халқнинг яхши-ёмони, маҳраму номаҳрами, танишу бегонаси бўлмайди. Улар очган мактабларда зиё истаган ҳар бир бола таълим олган. Улар чиқарган газеталарни бутун омма ўқиган. Негаки, улар халққа маърифат нима, илм нима, эркинлик нима эканлигини ўз ҳаётлари орқали ҳам исботлаб беришган.

Садризо Ализода «Зарафшон» газетасида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Ҳожи Мўин билан бақамти ишлаш жараёнида «Шуълаи инқилоб» ҳафтаномасини ҳам чиқаради. Форс тилида чоп этилган бу журналнинг 98 та сони ўқувчига етиб борган. Бобом форс тилида сўзлашувчи аҳолига, шунингдек, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон ва Покистондаги маърифатпарварларга Туркистон озодлигининг моҳияти, илмнинг қадри, бирлашмоқнинг моҳияти ҳақида жуда гўзал мақолалар ёзган ва бу мақолалар ҳозирги кунда ҳам хорижлик зиёлилар томонидан ўрганилмоқда. Бу мақолалардаги ғоялар ўша даврдаги инқилобий курашнинг шиорига айланган. Хусусан, «Муаллим ила муҳаррир миллатнинг икки қўлидир» деган ибораси нақлга айланиб кетган.

Шукрки, бобомизнинг, умуман, жадидларнинг фаолиятига муносиб баҳо берилди, эндиликда уларнинг маънавий бойлиги ҳар томонлама ўрганилмоқда, бу ҳақда илмий тадқиқотлар бошланиб кетди. Хусусан, бобомизнинг ҳам 115, 130, 135 йилликлари давлатимиз раҳбарининг бевосита ёрдами билан муносиб нишонланди, ушбу мерос моҳияти юзасидан илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Уларда хорижлик зиёлилар ҳам иштирок этди.

Ўтган йиллар давомида камина Эрон, Покистон ва Озарбайжондаги кўплаб кутубхоналарда бўлиб, жадидлар фаолиятига, айниқса, бобомнинг ишларига оид жуда кўплаб ҳужжатлардан нусха олиб қайтдим. Шу учун ҳам бугунги кунда у кишининг табаррук номи билан аталувчи кўчада жойлашган уй-музейда экспонатларимиз сони 5 мингдан ошди. Улар орасида С.Ализоданинг нафақат ижодкорлар, журналистлар, балки сиёсат арбоблари билан ёзишмаларидан ҳам нусхалар бор. Талабалар, ёшлар, кексалар бу ерга ташриф буюриб, экспонатларни ҳавас билан томоша қилишади, ҳар гал уларга  фидойи бобомнинг ибратли фазилатларидан гапириб бераман.

Жадидлар жуда мураккаб жараёнда фаолият кўрсатишган. Бир томонда халқнинг саводсизлиги, рус империяси сиёсатига қуллик кайфияти, иккинчи томондан атрофдаги кучли давлатларнинг манфаатли тарғиботлари, уларга ҳар бир ҳаракатда жасоратли ҳушёр бўлишни тақозо этган. Энг оғир дамларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашган. Чор Россияси, ундан кейин Рус империяси уларни доимо бир-биридан узоқ, бехабар сақлашга уринган. Ҳар бир ҳаракатини кузатиб юрган. Шу туфайли кўпчилиги қатағон қурбонларига айланишган.

С.Ализода турмага олингандан кейин ҳам унга айб қўя олишмаган. Аслида у хориж хавфсизлик ташкилотлари ўртасидаги курашнинг қурбони бўлган. Ҳатто у оқлангандан кейин ҳам Иккинчи жаҳон уруши давом этаётганлиги сабабли айнан ГКЧП тавсиясига кўра эркинликка чиқарилмаган ва Владимир шаҳрида вафот этган. Камина машаққат бўлса-да, бобомнинг ана шу турмадаги фаолиятини ўргандим, у кишига тегишли бўлган жуда кўп қўлёзма ва ҳужжатларнинг, тергов сўровларининг нусхаларини олиб келишга эришдим. Қабрининг тупроғидан ҳам олиб келиб, бу ҳокни қўйиб, Самарқанддаги Панжоб қабристонида ёдгорлик ўрнатдик.

Шу ўринда бобомнинг жўшқин ҳаётини муҳаббат билан ўрганган марҳум олимлар Нажмиддин Комилов, Бегали Қосимов, Сайди Умиров руҳи олдида таъзимдаман ва бугунги кунда ҳам бу  меросни диққат билан ўрганаётган профессор Ҳалим Саидов, фаол олим Баҳром Ирзаевларга миннатдорлик билдираман.

Жадидлар жуда катта мерос қолдиришди. Биз учун муҳими шундаки, ушбу мерос ҳозирги кунда жамиятимизга ниҳоятда керак бўлган ажойиб хислатларни тарғиб этади. Зеро, бу маърифатпарварлар ишларини давом эттириш, улардай фазилатларга эга бўлиш бугун ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз деб биламан.

Фарҳод Ализода,

Саидризо Ализода уй-музейи раҳбари.