Иккинчи жаҳон уруши: 26,6 миллион кишининг ёстиғини қуритган фронт
Уруш — қандай тузум ва ким томонидан бошланишидан, у "халқларни қутқариш", "бирлашиш" ва ё "махсус операция" деб аталишидан қатъий назар унинг номи уруш ва охир-оқибат одамлар қони тўкиладиган фожиа.
Шу сабаб 81 йил олдин бошланган Иккинчи жаҳон урушининг янги фронти ҳақида эслаб ўтмоқчимиз.
1941 йил мана шу кун, 22 июнда Иккинчи жаҳон уруши(1939-1945)нинг кутилмаган янги фронти очилган эди.
Шу куни тонгда Германия собиқ иттифоқ ҳудудига ҳужум қилган. Немис самолётлари дастлаб давлат чегарасидан 250-300 километр ичкарига кирган ҳолда аэродром, темир йўл узеллари, ҳарбий-денгиз базалари, доимий қўшинлар жойлашуви ва кўплаб шаҳарларга зарба берган.
Бу вақтга келиб Германия кўплаб Европа давлатларини бўйсундириб олган бўлиб, яна бир улкан ҳудудни эгаллаш учун жуда катта кучни ташлаган эди. Иккинчи томондан, янги фронт Германия кучларининг бўлиниши ва охир-оқибат заифлашишига ҳам асосий сабаб бўлиши кейинчалик ойдинлашади.
Урушда собиқ СССРдаги умумий йўқотиш 26,6 миллион кишини ташкил этган. Улардан 8,7 миллионга яқини жанг майдонларида ҳалок бўлган, 7,42 миллион киши фашистлар томонидан босиб олинган ҳудудларда вафот этган, 4,1 миллиондан ортиғи эса асирликда вафот этгани айтилади.
Ўзбекистондан фронтга 1 миллион 951 мингга яқин киши сафарбар этилган. Уларнинг 538 мингдан ортиғи уруш қурбони бўлган. Бундан ташқари, 158 минг нафардан ортиқ юртдошимиз бедарак йўқолган. Ўзбекистонлик уруш қатнашчиларининг 338 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони, 53 нафар аскар ҳар уч даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.
1418 кеча-кундуз давом этган оғир уруш 1945 йил 9 майда Германиянинг тўлиқ мағлубияти билан якунланган.
Г.Холдорова тайёрлади.