Италияда фуникулёр қулаши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди

Италияда фуникулёр (арқон ёрдамида юрғизиладиган тоғ темир йўли) қулаши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, оғир яраланган икки нафар бола вертолётда Туринга олиб кетилди, дея хабар берди тоғ-қутқариш ва спелеологик хизмати.

Ҳодиса Маджоре кўли ва Моттароне тоғи бўйидаги Стреза қишлоғини боғлайдиган, баландлиги деярли бир ярим минг метрли фуникулёрда содир бўлган. Мослама кабинаси 300 метр тоғнинг тепасида, максимал баландликдан қулаб тушди.

Оғир аҳволда бўлган икки бола вертолётда Туриндаги касалхонага етказилган. Улардан бири, беш ёшли гўдак касалхонага ётқизилган пайтда ҳушида бўлган. Яна бири тўққиз ёшда, унда суяк синиш ҳолати кузатилган ва бошидан жиддий жароҳат олган.

Маълумки, пандемияда фуникулёр узоқ вақт ишламаган, бир ой олдин ишга туширилган. 2010 йилда тоғ «темир йўл»и икки йиллик техник хизматдан ўтказилган.