Италиялик олим самарқандлик боғбонлар ҳузурида: мақсад – аниқланган касалликлар бўйича минтақавий биолабораториялар ташкил этиш
Италиялик Карбо Карли мева кўчатлари ва ғалла касалликларини ўрганувчи йирик олим ҳисобланади. Африканинг бир неча давлатларида ҳамда Ҳиндистон, Франция ва Қирғизистонда илмий тажрибалар ўтказган олим яқинда академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот марказининг Самарқанд тажриба станциясига ташриф буюриб, жаҳон банки лойиҳаси асосида боғбонларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.
- Бундан кўзланган мақсад аниқланган касалликлар бўйича минтақавий биолабораториялар ташкил этиш, - дейди тажриба станцияси ходими Бахтиёр Мирзоҳидов. – Олимга станциямиз ходимлари кўмаклашмоқда.
Бугунги кунда жамоа вилоятимиздан ташқари республикамизнинг деярли барча ҳудудларига йигирмадан ортиқ навдаги мевали ва узум кўчатларини етказиб бермоқда. Кўчатларимизнинг соғлом ва бақувват ўсиши эса ўтказилаётган тажрибаларимизга боғлиқ. Бу борада италиялик олим билан яқин ҳамкорлигимиз қўл келади.
Тоҳир НОРҚУЛОВ.