Изсиз ғойиб бўлганлар
Инсоният тарихи давомида сон-саноқсиз одамлар сирли равишда изсиз ғойиб бўлгани ҳодисаси ҳамон жумбоқлигича қолмоқда. Ер юзида ёвуз жойлар бор ва қўрқинчли ҳодисалар бу жойда бир неча марта содир бўлган ҳоллар маълум.
...Қадимдан бошласак. Ўз қўшинини куздан кечираётган Рим асосчиси Ромул ҳавога сингиб кетгандек ғойиб бўлади. Қадимги юнонларни жанг пайти камон ўқидан қулаган жангчининг ғойиб бўлгани даҳшатга солади: унинг камони ва қалқони жойида, ўзи эса йўқ эди.
1889 йил 30 июлда Грециядаги Олимп тоғига Мистер Макмилиан кўтарилади. Қояга чиққач, пастдаги дўстларига қўлларини силкитади ва... ғойиб бўлади. Ваъда қилинган мукофотга қарамай, уни қидириш бекор кетади.
1987 йилда Сибир тайгасида одамларни даҳшатга солган “Иблис яланглиги”ни қидириб йўлга чиққан томсклик ҳаваскор экспедиция бедарак йўқолади. Барча иштирокчилар тажрибали сайёҳлар эди ва ўзлари билан ўқотар қурол ва сигнал воситалари олиб, бир неча марта Сибир тайгасини кезиб чиққанди. Улар қаерга, қандай ғойиб бўлган номаълум, ҳеч ким қайтиб кўрмаган.
1936 йилда Красноярскдан сал наридаги Елизавета қишлоғида руй берган воқеа навбатдаги йўналишдан ўз базаларига қайтаётган геологларни даҳшатга солган. Қишлоқда уйлардаги буюмларга тегинилмаган бўлса-да, бирорта одам йўқ эди. Геологлар ойналарни синдириб ичкарига киришади ва эшик-деразалар уй жиҳозлари билан тўсиб қўйилганини кўришади.
Одамлар қани? Бечоралар кимлардан ўзларини ҳимоя қилишган, ҳамма томони мустаҳкам беркитилган хоналардан қандай ғойиб бўлишган?
Геологлар дарҳол маҳаллий миллицияга хабар қилишади, етиб келган тезкор гуруҳ барчасини титкилаб, бирорта далил топишолмайди. Геологлардан бу ҳақда оғиз очмасликни сўраб тилхат олиб қайтиб кетишади.
Турли мамлакатларда бундай сирли ҳодисалар кўплаб қайд этилган. Бироқ ҳозиргача бу сирнинг тагига етилгани йўқ.
Т.Шомуродов тайёрлади.