Жим бўлиб, кўп ишлаш керак!

Бу барча масъулият билан амал қилувчи қатъий интизомдир, балки барча соҳаларни автоматлаштиришга эришган онгли бошқарув ёки Хитой сиёсатчиси Дэн Сяопиннинг ўз вақтида мамлакатни ривожлантириш борасида олиб борган оқилона ислоҳотларидир, деган кўплаб фаразлар бор эди.

Ҳа, Чин мамлакатининг доно раҳбарларидан бири Дэн Сяопин жорий этган ислоҳотларнинг аҳамияти шунда эдики, у тамоман икки қутбда бўлган коммунизм ғоялари ҳамда бозор иқтисодиёти тушунчаларини бирлаштириб, коммунистик жамиятда хусусий мулкчилик ривожига кенг йўл очиб берди. Бу буюк ислоҳотчининг бугун хитойликлар учун ҳикматга айланиб кетган фикрлари эътиборимни тортди:

“Жим бўлиб, кўп ишлаш керак”; “Ҳеч қандай муҳокаманинг кераги йўқ! – Бу мен кашф этган энг яхши хулосалардан бири”; “Дунёга деразангни каттароқ очсанг, у ердан, албатта, чивинлар учиб киради”; “Совуққон кузатинг, ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлинг, қатъий туринг, ўз имконият ва режаларингизни ошкор этманг ва мақбул фурсатни кутинг, ҳеч қачон олдинга чиқиб олишга ҳаракат қилманг, ҳар бир ишни якунига етказишга қодир бўлинг”.

Табиатан камтар, эътирофга арзирли ютуқларидан мағрурланиб кетмаган хитойликлар бу ҳикматларга қатъий амал қилишмоқда. Тараққиёт пиллапояларидан кўтарилиб боришда халқнинг йўлбошчиларга ишончи ва хайрихоҳлиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳар бир ишда тартиб-интизом, ўз вазифасига виждонан ёндашув аксарият халқ вакилларининг қон-қонига сингиб кетган. Уларнинг кўчаларидаБиз ватанимизни севамиз!” деб ёзилган пешлавҳалар йўқ, аммо бу ҳақиқатни одамларнинг юз-кўзи, қилаётган ҳалол меҳнатидан билиб олиш мумкин. Уларнинг шиориКеракми, демак уддалайман!”.

Умуман, Хитойда ҳар бир ташкилотнинг ходимлар руҳиятига шижоат бағишловчи шиори бор. Масалан, маҳсулотининг 70 фоизи чет элга экспорт қилинаётган “H&C” хусусий корхонасининг шиориМен гўзаллик яратаман!”. Мазкур корхонада текстиль маҳсулотларининг таркибига қўшилувчи спандекс (сунъий ипак) тола ишлаб чиқарилади. Қадимда Чин мамлакати табиий ипак тола етиштиришни биринчи бўлиб йўлга қўйган эди, эндиликда жаҳон текстиль саноатига табиий толали матолар мустаҳкамлигини оширувчи мўъжизавий сунъий ипак етказиб бермоқда. Биргина шу корхонада ўнлаб рационализаторлик таклифларини бериб борадиган олимлар гуруҳи фаолият олиб боради. Уларни ижодий яратувчанликка йўналтирувчи шарт-шароит яратилган.

Хитойликлар бизнинг халқимиздек бардошли, меҳнаткаш, кўзлаган мақсадига, албатта, эришадиган халқ экан. Сабрли демаган бўлардим. Биласизми, сабр деганда баъзан осмондан тушадиган, ғойибона бахт ва омадни кутиш тушунилади. Агар сабрли сусткаш бўлганда улар тез фурсатда жадал тараққиётга эришмаган бўларди.

Хитойлик дўстимиз Чаннинг айтишича, унинг болалиги ўтган 70-йилларда ҳатто ейишга гуруч бўлмаган экан, очликдан қийналган аҳоли чигирткаларни еб кун кўрган. Шунинг учун бу халқ боқимандалик кайфиятидан йироқ, “Қийинчиликда фақат ўзингни ўзинг қутқаришинг мумкиндеган шиорга амал қилади. Хитойликлар борни еб йўқ қилишмайди, тиришиб-тармашиб, йўқдан бор қилишнинг уддасидан чиқишади.

Хуллас, узоқ йиллар давомида асосий эътиборини кўп сонли аҳолисини боқиш, очликни енгишга қаратган Хитой ҳозирга келиб, жаҳондаги иқтисодий куч-қудратга эга Япония, Буюк Британия, Франция, Германиядек ривожланган давлатларни ортда қолдириб, иқтисодий тараққиётда АҚШдан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олди. Иқтисодиёт файласуфларининг башорат қилишларича, биринчилик тантанасига ҳам узоқ вақт қолмади. Ким қилич билан, ким сиёсат билан забт этишга уринган дунёни Хитой ўз маҳсулотлари билан эгалламоқда. Савдо бозорлари истеъмолчилари эътиборини ўз мафтункорлиги ва салоҳияти билан жалб эта олди.

Хитойажабтовур ихтиролар ватани. Бу мамлакат бугунги кунда жаҳонга саноат маҳсулотларидан ташқари инсон ресурсларини ҳам етказиб бермоқда. Улар ақлий меҳнат ресурсларидир. Хитойлик мутахассислар дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг технологик ривожига катта ҳисса қўшяпти.

Хитойлик дўстларимизнинг халқимиз каби меҳнаткашлигини гуруҳимиз билан Чанлэ туманидаги текстиль корхонасига ташрифимиз чоғида мазкур иншоот ташкил қилинишига доир ҳужжатли фильмни кўрганда дилдан ҳис қилдик. Одамлар қурилишга яроқсиз, сувли ҳудудни тупроқ билан кўмиб, кўп машаққатлар эвазига битта шаҳар катталигидаги майдонда корхона бунёд этишган экан. Биз иншоот нега айнан шу ҳудудда бунёд этилгани сабаби билан қизиқдик. Маълум бўлишича, корхона раҳбари шу туманда туғилиб, вояга етган ва уни ободонлаштириш, иқтисодини кўтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган экан. Шунингдек, корхона маҳсулоти учун зарур хомашё манбаси шу ҳудудга яқин жойлашган ва ушбу ноқулай ерда ишлаб чиқариш ташкил қилгани учун тадбиркорга солиқдан имтиёз берилган экан.

Узоқни кўра оладиган бу ишбилармон инсон 1 миллиард АҚШ долларлик сармояни шу ҳудудни ўзлаштиришга, унда кўп қаватли автоматлаштирилган юксак салоҳиятли корхона ташкил этишга сарфлабди. Бу корхона ташкил қилинганига бор-йўғи уч йил бўлган бўлса-да, фаолиятда жуда катта ютуқларга эришибди.

Бизда айни кунларда олиб борилаётган ислоҳотлар, давлат раҳбарининг куюнчаклик билан ҳаммани яратувчанлик, бунёдкорлик, тадбиркорликка руҳлантириши, турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларимиз келгусида юртимизнинг ҳам юқори тараққиёт пиллапояларига чиқишига ишонч ва умид беради. Бу мақсадларга эришишда юрт раҳбарига хайрихоҳ бўлиб, жамиятдаги коррупция, ўзибўларчилик, дабдаба ва ортиқча сарф-харажатларга қарши якдил курашишимиз талаб этилади.

Бу йўл ёлғизоёқ йўл эмас, уни босиб ўтган, кечмиши, руҳияти, орзу ва интилишлари бизга яқин бўлган халқлар тажрибасини ўрганиш, уларнинг ютуқларидан намуна олиб, хатоларидан тўғри хулоса чиқариш фойдадан холи бўлмайди.

Манзура БЕКЖОНОВА,

Журналист.