Жомбой туманлараро суд “чақирув қоғози” тўғри ёзиляптими ёки йўқ: вилоят суди муносабат билдирди

Кеча, 18 ноябрь куни “Zarnews.uz” сайтида “Чақирув қоғози шундай ёзиладими?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Унда ҳуқуқшунос Й.Суюнов чақирув қоғозидан ўрин олиши керак бўлган маълумотларни батафсил келтириб,  фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида “ўзига хос” шакл ва мазмундаги “Чақирув қоғози” қўлланилаётгани ҳақда тўхталган.

Самарқанд вилояти суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими мазкур мақола юзасидан батафсил ўз муносабатини билдирди.

“Zarnews.uz” расмий веб-сайтида ҳуқуқшунос, меҳнат фахрийси Йўлдош Суюновнинг “Чақирув қоғози шундай ёзиладими?” мақоласи эълон қилиниб, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида “ўзига хос” шакл ва мазмундаги “Чақирув қоғози” қўлланилаётганлиги ҳақида хабар берилган ва чақирув қоғозининг фотосурати ижтимоий тармоққа жойлаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг

157-моддасида чақирув қоғозида кўрсатилиши керак бўлган маълумотлар акс эттирилган.

Мақолада тасвири берилган чақирув қоғозидан қуйидагилар аниқланди (чунки, фуқаролик ишида чақирув қоғозининг қолган тилхат қисми сақланади):

- қонун талабидан келиб чиқиб, суднинг номи, яъни “фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди”, суднинг манзили “Жомбой тумани Шайман бозори ёнида”, келиш вақти “2021 йил 14 апрель соат 11:20”, шахс қандай иш юзасидан чақирилаётганлиги “умумий мулк бўлган уй-жойни бўлиш”, шахс ким тариқасида чақирилаётганлиги, ишда иштирок этувчи шахсларга иш бўйича ўзлари эга бўлган ҳамма далилларни тақдим этиш тўғрисида таклиф “иш бўйича зарур далилларни тақдим қилиш”, мурожаат учун суднинг телефон рақами (мақолада бўялган ҳолда) кўрсатилганлиги аниқланди.

Мақолада, гарчи чақирув қоғозининг чиқиш рақами, чиқиш санаси, муҳр қўйилмаганлиги, Ўзбекистон Республиксининг давлат герби акс этган махсус иш қоғози (бланкаси)да ёзилмаганлиги кўрсатилмаган бўлса-да, чақирув қоғози учун қонунда мазкур талабнинг ўзи мавжуд эмас. Бу ҳолатга мақоланинг ўзида келтирилган қонун нормасидан амин бўлиш мумкин. 

Мақола сўнгида, шахснинг қайси фуқаролик иши бўйича ва ким сифатида чақирилаётганлиги кўрсатилмаганлиги ҳолати асоссиз деб ҳисоблаймиз. Чунки тасвири кўрсатилган суд чақирув қоғози матнига эътибор қаратадиган бўлсак, ишнинг номи, яъни “умумий мулк бўлган уй-жойни бўлиш” ҳақида эканлиги, чақирув қоғозининг қуйи қисмидаги даъвогар ва жавобгар сатрига тегишли фуқароларнинг исм, фамилияси келтирилган. Бу орқали шахснинг қайси фуқаролик иши юзасидан ва ким сифатида чақирилганлигини кўриш (англаб олиш) мумкин.

Мазкур мақола вилоят судида муҳокама қилинди. Суд чақирув қоғозларини ФПКнинг 157-моддаси талабларига тўла мувофиқлаштириш чора-тадбирлари белгиланди”, дейилади муносабатда.