Жомбойдаги мактаб синфхоналари ўқувчилар томонидан ота-оналарининг розилиги билан таъмирланган
Ижтимоий тармоқларда Жомбой туманидаги 28-мактаб ўқувчиларининг таъмирлаш ишларига жалб қилинганлиги ҳақида хабар ва суратлар тарқалди.
Ҳолат юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, айни кунларда ўқувчиларнинг мактабдаги енгил таъмирлаш ишларига жалб қилинганлиги турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ва Жомбой туман халқ таълими бўлими раҳбар-ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам Жомбой тумани 28-умумтаълим мактабида ёлланма ишчи ходимлар томонидан енгил таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани аниқланди.
Суратдаги ўқувчилар, яъни 6 нафар 7-9 синф ўғил болалари мактабда олиб борилаётган таъмирлаш ишларига ёрдам бериш учун ота-оналарининг розилиги билан келганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш давомида ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам фарзандини ўз розилиги билан мактабдаги таъмирлаш ишларига ёрдам бериш ва таътил даврида ҳунар ўрганиш учун юборганини тасдиқлашди. Суратдаги 5 нафар қиз ўқувчилар эса мактабнинг 11-"А" ва 11-"Б" синф ўқувчилари бўлиб, улар билан суҳбатлашилганда, қизлар якуний давлат имтиҳонларининг баҳоларини билиш мақсадида келганлиги аниқланди. Шунингдек, мазкур мактаб раҳбарияти ҳамда ўқитувчилари, синф раҳбарлари билан суҳбатлашиш жараёнида улар ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қонунга зид эканлигидан хабардорлигини билдирди ва ўқувчиларни мактабдаги таъмирлаш ишларига чақирмаганликларини маълум қилди.
Айни пайтга қадар олиб борилган ўрганишлар хулосасига кўра, Жомбой тумани 28-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўзи ва ота-оналарининг ихтиёрига зид равишда таъмирлаш ишларига жалб қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг 2021 йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда ёшларни мактаб давриданоқ касб-ҳунарга ўқитиш, деҳқончилик сирларини ўргатиш бўйича “Самарқанд тажрибаси”ни амалга ошириш бўйича топшириқлар берган эди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги айрим мактабларда ўқувчиларни полиз экинлари етиштириш, боғдорчилик, шунингдек, бошқа касб-ҳунарларга ўргатиш тажриба-синовлари амалга оширилмоқда.
Бундай тадбирлар ўқувчиларни меҳнатга ўргатиш, меҳнати орқасидан даромад топиш, оиласига моддий манфаат келтириш ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлишида имконият яратади.