Жоул Қосимда ҳамма ишли бўлади
Вилоятимизда маҳаллаларни ихтисослаштириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш устивор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунда маҳалланинг ўзига хос имконияти ва табиий ресурсларидан келиб чиқиб, аниқ бир йўналишда ихтисослашади. 214 оила камбағал оила сифатида қайд этилган. Шу пайтга 18 оилага субсидия асосида асбоб-ускуналар олиб берилди, 93 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилиб, 94 оилага 1,723 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунингдек, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш орқали 400 га яқин янги иш ўрни яратилди.
- Маҳаллада экспортбоп гилос етиштириш асосий дравейрларидан бири 35 фоиз аҳоли, яъни 246 хонадон шу иш билан шуғулланиб келади, -дейди Жоул Қосим маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Нормўминов. - Бир туп гилосдан ўртача 1,3 миллион сўм, битта хонадон 60-70 миллион сўм даромад қилади. Маҳалламизнинг ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида, йирик тадбиркор томонидан аҳоли гилос кўчатлари билан таъминланади. Жорий йилда ихтисослашувни 70 фоизга етказишни мақсад қилганмиз.
Маҳаллада иккинчи драйвер йўналиш - қурилиш материаллари, яъни бетон қувурлари ишлаб чиқариш ҳисобланади. 61 та хонадонда ушбу йўналишда ишлаб, даромад қилмоқда. Жорий йилда бу йўналишни янада кенгайтириб камбағал оилалар ҳисобидан 60 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ташкил этилади ва 200 га яқин иш ўринлари яратилади.
- Кўп йиллар хорижга бориб ишладим, -дейди Элбек Абдуғаниев. –Аммо ўз уйингда, оиланг бағрида ишлаш бошқача барибир. Маҳалла ёрдамида бетон қувур ишлаб чиқариш учун махсус қолиплар олиб келиб, иш бошладим. Ёнимга қишлоғимизнинг иккита ёш ишсиз йигитларини олганман. Биргаликда ойига 200 донадан зиёд қувур тайёрлаймиз. Ўн миллион сўмдан зиёд даромад қиламиз.
Шундай фаолиятни йўлга қўйган “Black optra” МЧЖга банкдан 90 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Натижада 5 та иш ўрни яратилиб, камбағаллик реестридаги 5 та оила аъзоларининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, “Амир Имона Сардор” оилавий корхонаси ташаббус билан чиқиб, ижтимоий реестридаги оилалар билан келишган ҳолда кооперация асосида бетон қувурлар ишлаб чиқаришни режалаштирган.
- Жорий йил маҳалламиз тўлиқ камбағалликдан холи ҳудудга айланади, - дейди маҳалла раиси Шомил Питтаев. - Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, маҳалламизнинг камбағаллик даражасини 29,1 фоиздан 3,1 фоизга туширишга эришдик.
Маҳалланинг Ҳосилот қишлоғи Самарқанд-Жума йўли ёқасида жойлашгани ҳисобига, йўл бўйи хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида ихтисослашувни кенгайтириш ва аҳоли даромадини ошириш кўзда тутилган. Бу ерда микролойиҳалар асосида юздан ортиқ фуқаронинг бандлигини таъминлаб, аҳолининг даромадини ошириш мумкин.
Ҳудудда йўл ёқасида жойлашган 30 дан зиёд хонадон эгалари нон, патир, сомса ва пичак тайёрлаб сотиш билан шуғулланади. Кунига минглаб йўловчиларга хизмат кўрсатиш орқали юздан зиёд аҳоли бандлиги таъминланган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ (тасвир).