Каттақўрғон шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази очилди
Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мазкур марказда фуқароларни 30 та касб ва чет тилларга ўқитиш орқали мутахассислар тайёрланади.
Шаҳар ва туман ҳокимлари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тантанали тадбирда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Баҳодир Умрзоқов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва бошқалар "Бундай марказларни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсадимиз нафақат ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиб, сертификат бериш, балки уларни меҳнат бозорида рақобатбардош касбни ўзлаштирган, юқори малакали мутахассис сифатида етишиб чиқишдир, деди.
Ушбу замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш марказини қурилиш бунёдкорлик ишларига 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Бу ерда Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон, Нуробод туманларининг ишсиз фуқаролари касб-ҳунарга ўқитилади.
Мономарказда ишсиз фуқаролар 16 та хизмат кўрсатиш, 8 та техник, 4 та қишлоқ хўжалиги ва 2 та рақамли технология йўналиши, шунингдек 4 та хорижий тиллар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилади.
Марказ бир вақтнинг ўзида 500 нафар ўқувчини қамраб олади. Йиллик қуввати 2000 нафар ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, касбларнинг мураккаблик даражаси асосида ишлаб чиқиладиган ўқув дастурларига мувофиқ ўқитиш даври 2 ойдан 6 ойгача бўлади.
Битирувчиларга эгаллаган билимлари учун меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштириган сертификат берилади.
Ушбу марказ фаолиятини йўлга қўйилиши вилоятдаги ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлашга, келгусида ҳаётда ўз ўрниларини топишларига хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари марказда яратилган шароитлар билан танишди.