Каттақўрғон шаҳридаги қадим обидаларнинг ҳолати ачинарли

Каттақўрғоннинг ёши 2 минг йилдан ортиқ. Бу ерда ўнлаб тарихий жойлар, масжид-у мадрасалар, қалъалар бор. Масалан, шаҳардаги Сарипул қалъасининг тарихимизда ўз ўрни бўлган. 1501 йилда бу ерда Шайбонийхон билан Мирзо Бобур ўртасида жанглар бўлган. Буюк шоҳ ва шоир бу ҳудудда анча муддат турган.

 Каттақўрғоннинг тарихига алоқадор яна бир ёдгорлик Робинжон шаҳридир. Маълумки, I-V асрларда Суғдиёна сомонийлар давлати таркибига кирган. Робинжон бутун Шарқда ўзининг “рабинжони” деган нафис газламаси билан машҳур бўлган. Каттақўрғон шаҳри бу ўлкада 2500 йиллар илгари яратилган шаҳарсозлик маданиятининг (Кушония, Робинжон, Корзон ва Пай) маҳсули сифатида пайдо бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Македониялик Искандар Самарқандни вайрон қилганидан кейин Каттақўрғон бир мунча муддат Суғднинг сиёсий маркази бўлиб турган. XVII асрнинг иккинчи ярмида Каттақўрғон шаҳрига асос солинди. Шаҳар аста-секин кенгайиб, ободлашиб борди. Шаҳар атрофи баланд мудофаа девори билан ўралган ва унинг тўрт томонида тўрт: Бозор-дарвоза, Ҳайдарчаман, Самарқанд, Бухоро дарвозалари бўлган. Бу дарвозалар кечалари беркилган. Шаҳар гуллаб-яшнаган. Бу ерга кўплаб сайёҳлар келган ва кундаликларида шаҳар ҳақида ўз фикрларини ёзиб қолдирган. XVIII аср охирларида Каттақўрғон кенгая борди. Ўша пайтда шаҳар маҳаллага бўлиниб, ҳар қайси гузар ўз номига эга бўлган: Арабхона, Сарбонгузар, Қаландархона, Оқмачит, Сўфигузар, Ҳайдарчаман, Бегижон, Мадраса, Мавриқўрғон, Лўлахўр, Ғариб масжид, Шўргузар, Кўчахўр, Маҳалла, Ҳожи Қурбон, Чордаракдарун, Қориработ, Кўрмагузар, Сарбазор, Кимоҳгар, Ҳақигузар, Арабқишлоқ, Кўҳнадам.

Ҳар қайси гузарнинг ўз масжиди ва ҳовузи бўлган. Бугунги кунда XVII аср охирларида қад кўтарган Қаландархона, Бегижон гузар, Эшон мозор, Сармозор ва Паст Чордара масжидлари мозийдан хабар бериб турган. Бугун эса бу тарихий иншоотлар ўта хароб аҳволда, қулаб тушиш арафасига келиб қолган. Собиқ иттифоқ даврида маданий мерос объектлари омборхоналарга айлантирилган, шунингдек, бошқа мақсадлар учун беписандлик билан фойдаланилган.

Давлатимиз мустақилликка эришган йиллардан ҳозиргача бу “очиқ осмон остидаги музейлар” эътибордан четда қолди. Маданий-меъморий ёдгорликларнинг бирортаси лоақал реставрация қилинмади, марказдан маблағ ажратилмади. Баъзилари йўқолиб кетди, қолганлари йўқолиш арафасида.

 Ахир Президентимиз томонидан 2018 йил 19 декабрда қабул қилинган  “Моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарорда Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги ҳисобланган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш қатъий белгиланган.

Туркий адабиётнинг забардаст сиймоларидан бири, мутасаввиф шоир ва йирик фақиқ Сўфи Оллоёр ўзбек ва форс тилларида бир қанча нодир асарлар яратган. У Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида Оллоқули (Темирёр) хонадонида туғилган. Сўфи Оллоёр Марказий Осиёда етишиб чиққан мутафаккирлар - Хўжа Аҳмад Яссавий, Хўжа Исмоил Бухорий, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд, Алишер Навоийдек худодот истеъдод эгаси бўлганлиги ҳақида узоқ йиллардан буён ёзилиб келинмоқда.

 Шу билан бирга Каттақўрғон ўзининг бой адабий-бадиий мероси билан республикамизда ўз ўрни ва мавқеига эга шаҳар. Айнан Сўфи Оллоёр даҳосидан нур эмган, каттақўрғонлик шоир ва фақиқлар -  Муҳаммад Шариф Шавқий, Очилдимурод Мирий, Ноқис, Дабирий, Аҳмад Аҳқар, Мансур Дилафкор, Видоий, Вола, Ҳакима, Абдулҳамид Мажидий, Тошпўлат Саъдий, Мамарасул Бобоев, Мутриба, Холислар ўзбек мумтоз адабиётида ўзларининг нафис ғазал ва шеърлари билан ёрқин из қолдирган. Афсуски, бу буюк аждодларимизнинг муборак қадами теккан кўпгина қадамжолар собиқ тузум даврида бузиб ташланган. Мавжудлари ҳам таъмирталаб ҳолатда.

Албатта, ҳозирда шаҳримизда Сўфи Оллоёр маданий-маърифий маркази ташкил этилаётганлиги таҳсинга сазовор. Бошқа аждодларимизнинг аётига оид ашёлар ҳам йўқ эмас. Ана шу ашёлар асосида янги уй-музейлари ташкил этилса, ёш авлодни буюк аждодларимиз ибратли ҳаёти ва ижодидан баҳраманд қилган бўлар эдик.

Тўғри, 93 минг аҳолига эга Каттақўрғон шаҳри обод бўлиб бормоқда. Бу ерда сайёҳларни қабул қилиш имконияти бор. Муҳими, уларга намойиш этиладиган бой қадрият ва маънавий-маданий меросимиз етарли. Шу боис республикамиз туристик маршрутларига Каттақўрғон шаҳрини киритиш зарур. Фақат миллий қадриятларимиз, бетакрор маънавиятимиз, моддий ва номоддий маданий меросимизни таъмирласак, асл ҳолатига келтириш учун ҳаракат қилсак, бу меросга бефарқ бўлмасак бўлгани.

Тоҳир Ҳамидов.