Каттақўрғонда нечта тадбиркор онлайн назорат-касса машинасидан фойдаланади?

Бугунги кунда онлайн назорат-касса машиналари (НКМ) ва виртуал кассаларни амалиётга татбиқ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалар босқичма-босқич амалиётга татбиқ қилинмоқда. Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари тадбиркорлик субъектларига борган ҳолда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалардан фойдаланиш юзасидан атрофлича тушунчалар бермоқда.

- Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш бўйича шаҳар ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун ўқув-семинарлари ўтказилмоқда, – дейди Каттақўрғон шаҳар ДСИ ходими Мирсаид Баҳриддинов. – Биринчи ва иккинчи босқичда 148 та тадбиркорлик субъекти онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтганини таъкидлаш жоиз.

Тадбиркорлик субъектлари соҳа мутахассисларидан онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалардан фойдаланиш тартиби бўйича саволларига батафсил жавоб олмоқда. Энг муҳими, онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг қулайликлари ҳамда афзалликларига тадбиркорларга манзур бўлмоқда.

- Онлайн назорат-касса машиналари бир қатор қулайликларга эга экани бизга маъқул келди, – дейди тадбиркор Акмал Суяров. – Масалан, онлайн НКМдан фойдаланганда, касса китоби юритилмайди. Уни харид қилганимизда солиқ имтиёзига эга бўлдик. Бундан ташқари, онлайн НКМ терминал вазифасини ҳам бажаради. Каттақўрғон шаҳар ДСИ ходимлари келиб, онлайн НКМдан фойдаланиш тартиб-қоидалари хусусида атрофлича тушунчалар берди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.