Каттақўрғонликларнинг асосий муаммоси ичимлик суви ва канализация

Вилоят телерадиокомпаниясида бўлиб ўтган "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Каттақўрғон шаҳар ҳокими Музаффар Ҳошимов, секторлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари аҳолидан тушган саволларга жавоб берди.

"Очиқ мулоқот"га асосан сув, канализация, йўл, уй-жой ва тиббий соҳага оид муаммолар ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳақида саволлар йўлланди. Жумладан, Каттақўрғон шаҳар Файзулло Хўжаев номли маҳаллада яшовчи Раҳима Қўзиева йўллаган мурожаат шундай бўлди:

– Маҳалламиз йўллари жуда ёмон ва канал бўйида жойлашганлиги сабабли қоронғу, у ердан ўтишга қийналамиз. Шу боис кўчаларимизни таъмирлаш ва тунги ёритгичларни ўрнатиб беришингизни сўрайман.

Шаҳар ҳокими мазкур муаммони жорий йил сентябрь ойига қадар бартараф этилиши, бошқа ички йўллар ҳам асфальт қилинишини таъкидлади.

Савол эгаси Р.Қўзиева билан боғланганимизда у жавобдан қониққанлигини ва "Шаҳар ҳокими ташаббуси билан олиб борилаётган кенг бунёдкорлик ишлари қаторида бизнинг ҳам маҳалламиз обод бўлиб қолса, бошимиз кўкка етарди", деган фикрларни айтди.

– Бизни кўпдан буён сув муаммоси қийнаб келади. Кўчаларимизни сув ўтказамиз, деб қазиб кетишганди. Бир неча ой бўлдики сув ҳанузгача келмади. Ўртада асфальт йўлларимиз лой кўчага айлангани қолди, холос. Нега масъуллар ўзларининг хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарашмоқда?

Шу саволни йўллаган Каттақўрғон шаҳри Ингичка қўрғони Миробод маҳалласида яшовчи Парда Рустамов билан боғланганимизда у ҳокимнинг жавобидан қониқмаганини айтди: "Каттақўрғон шаҳри мутасаддилари билан ўтказилган олдинги "Очиқ мулоқот"да сув йўқлигини айтиб мурожаат қилган эдим. Мутасаддилар бу муаммони ҳал қилиб беришини айтганди. Бироқ ваъда ваъдалигича қолиб кетди.

Мулоқотда мутасаддилар қирқдан ортиқ саволларга жавоб қайтарди. Шунингдек, кўрсатувда ўқилмай қолган саволлар билан шуғулланиш юзасидан масъул корхона ва ташкилот раҳбарларига кўрсатма берилди.

Мулоқотдан сўнг Музаффар Ҳошимовнинг фикрларига қулоқ тутдик:

– Бу кўрсатув биз учун кўзгу бўляпти. Сабаби, камчиликларимизни билиб оляпмиз. Бугунги мулоқотга тушган саволларнинг барчаси Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан тўлиқ назоратга олинади. Бироқ унинг ҳаммасини ҳам тез муддатда бажарамиз, деб айтолмайман. Сабаби, фуқароларимизнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолари бор. Уларни бартараф этиш учун вақт керак.

Айни пайтда шаҳардаги йўл, иситиш тизими, ишсизлик каби муаммоларга ечим топиш ҳаракатидамиз. Бизни қийнаб келаётган оғир масала – сув ва канализация бўлса, бу ишлар бўйича ҳам тизимли ишлар амалга ошириляпти. Бугун тушган саволлар албатта, ўз ечимини топади ва кейинги мулоқотларда бу мурожаатлар такрорланмайди.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.