Киев яқинида Зеленскийнинг биринчи ёрдамчиси машинаси ўққа тутилди
Украина президентининг биринчи ёрдамчиси Сергей Шефирнинг ҳаётига суиқасд уюштирилди. Унинг машинаси номаълум шахслар томонидан ўққа тутилди. Ҳукмрон "Халқ хизматкори" партияси депутати Евгений Шевченко Telegram каналида айтганидек, Шефир жабрланмаган, лекин унинг ҳайдовчисига уч марта ўқ тегиб яраланган. Ҳозир у оғир аҳволда реанимацияда.
Украина ички ишлар вазирлиги Шефир бўлган машинани ўққа тутиш фактини тасдиқлади ва отишма уюштирганлар қидируви бошланганини эълон қилди. "Украина президентининг биринчи ёрдамчисининг машинасига ўқ узган шахсларни қидириш ишлари олиб борилмоқда, полиция махсус операция ўтказмоқда", дейилади вазирлик Twitter‘ида. Ички ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, машинага 10 та ўқ узилган.
Украина бош прокурори Ирина Венедиктованинг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан "икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш" бўйича жиноий иш очилган.
Шефир Украина президенти Владимир Зеленскийнинг азалий дўсти ҳисобланади. ОАВ маълумотларига кўра, у давлат раҳбарининг кунлик жадвалини бошқаради. "Квартал-95" студиясининг директори ва асосчисидир.