Ким кимни боқиши керак?

Бугун моддият аксар одамлар учун асосий ташвишга айланиб улгурди. Ваҳоланки, кучли мўмин кучсиз мўминдан афзал саналса-да, дунё молига ҳирс қўйиш ҳамма даврларда ҳам қораланган. Агар тарихга назар соладиган бўлсак, ўтмишда из қолдирган буюк аждодларимиз мол-дунёни бир восита ўлароқ қабул қилишган. Уни илм йўлида, мўминларни, аввало, ота-онаси ва фарзандларининг ҳожатини чиқариш йўлида сарфлаган.

Афсуски, бугун падари ва волидаси, зурриёди ҳақдор бўлишига қарамай, уларнинг таъминотидан қочаётганларни учратиш мумкин...

Алиментга қўшимча ундириш мумкинми?
“Собиқ турмуш ўртоғим фарзандларимга алимент тўлайди. Мен унинг миқдори кам ёки кўп демоқчи эмасман. Лекин болаларимдан бири яқинда шифохонага тушиб, дори-дармонга, даволатишимга маблағ керак бўлиб қолди. Шунинг учун собиқ турмуш ўртоғимдан сўрадим. Бунга ҳақлиманми?”
Муштарийларимиздан биридан келган бу мактубда айтилишича, собиқ ота молиявий имконияти яхши бўлишига қарамай, фарзанди учун алимент тўловларидан ортиқча бир сўм ҳам бермаслигини билдирган.

Табиий савол туғилади: эр, яъни ота (гарчи у энди собиқ бўлса-да) тўғри йўл тутганми? Аслида фарзандлар вояга етгунларига қадар уларнинг таъминоти отанинг зиммасида бўлади.
Асосий қонунимизнинг 64-моддасига кўра, “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”. Бундан ташқари, Оила кодексининг 103-моддасида фавқулодда ҳолатларда, масалан, бола оғир шикастланса, касал бўлса ва бошқа ҳолатларда она боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларни отадан талаб қилиши мумкинлиги белгиланган.
Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган отадан суд унинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Ота ёки онадан юз ўгирган бола
Яқинда газета ва сайтимизда “Бўлган воқеа: Отасини “Қариялар уйи”га жойлаштирган фарзанд буни уйида нишонлади” номли мақола эълон қилинди.

Мақолани ўқиркансиз, кўзларингизга ёш келади. Ғалати ҳолатга тушасиз. Бир парча этдан бор меҳрини бериб катта қилган ота-она, кексайиб кучдан қолганда уларга эътибор қилмаслик...
Қайд қилинган воқеликда ота-она ва фарзанд орасидан қандай гап ўтганлигидан қатъи назар, бу ҳолатда барибир фарзанд айбдор. Афсуски, жамиятимизда миллий ва диний қадриятларимизга мос бўлмаган бундай ҳолатлар кам эмас...

Қолаверса, кексайган ота-онанинг ҳам қонун бўйича ҳуқуқлари ва вояга етган фарзандларининг улар олдида мажбуриятлари бор. Ёши бир жойга борганда, уларга эътибор қилмаётган фарзандларидан суд орқали алимент ундиришдан ота-оналар эмас, ота-оналарни таъминламаётган фарзандлар андиша қилишлари керак эди аслида.
Унутманг, Конституциямизнинг 66-моддасига кўра, “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.”

Қонун нима дейди?
Оила кодексининг 109-моддасида “вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт” деб белгиланган. Ушбу Кодекснинг 110-моддасига биноан вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

Унутманг, Оила кодексининг 116-моддасига кўра, ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Жумладан, Жиноят кодексининг 123-моддасида вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб, 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Хулоса ўзингиздан!

Ё.Марқаев.