Кўча ва кўп қаватли уйлар олдида тўпланган чиқиндилар чиқариб ташланди. Аммо...
Телеграм каналимизда “Самарқанд шаҳрининг айрим ҳудудлари чиқиндилардан нега тозаланмаяпти?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Самарқанд шаҳри ва туманидаги маиший чиқиндиларни белгиланган ҳудудлардан олиб чиқишга масъул “Мароқанд Обод” давлат унитар корхонасининг муносабат билдиришича, чиқинди тўпланган ҳудудлар тозаланган. Аммо...
"Ҳақиқатан ҳам Самарқанд шаҳрининг Шоҳруҳ Мирзо, Амир Темур номли кўчаларидаги ариқлар ва Абдулла Авлоний номли маҳалладаги кўп қаватли уйлар атрофи чиқинди ва хазон уюмлари билан тўлган эди. Ҳозирда ҳудудларда тўпланган чиқиндилар олиб кетилди.
Тўғри, мақолада келтирилган Абдулла Авлоний маҳалласидаги “Амиршоҳ Мир Ализода” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва “Мароқанд Обод” ДУК билан чиқиндиларни олиб кетиш бўйича шартнома имзоланган. Лекин ширкатнинг ўтган йилдан қолган қарздорлиги шу пайтга қадар тўланмаганлиги ва хазонларни олиб кетиш бўйича алоҳида шартнома тузилмаганлиги боис кўп қаватли уйлар атрофида чиқиндилар уюлиб қолган.
Шу ўринда айтиш керакки, хазонрезги мавсумида тўпланган барглар махсус ажратилган жойлар ёки компостёрлаш майдонларига олиб чиқилади. Баргларни олиб чиқиб кетиш эса ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан ёки шартнома асосида (алоҳида буюртма бўйича) ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади, - дейилади "Мароқанд Обод" ДУК муносабатида.