Конигил туризм қишлоғида кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш маркази иш бошлади

Самарқанд вилоятида Конигил туризм қишлоғини ташкил этиш ишлари давом этмоқда. Ушбу туризм қишлоғини яратиш концепциясига кўра, 3 гектар майдонда 800 метр узунликдаги ҳалқа йўли қурилади. Натижада сайёҳларнинг “Сиёб” канали бўйлаб сайр қилиши ва табиат қўйнида дам олишлари мумкин.

Шунингдек, ҳудудда оилавий меҳмон уйлари, янги ҳунармандчилик марказлари, маҳаллий анъаналарни акс эттирувчи анимация марказлари ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Экотуризм, агротуризм, гастрономик туризм йўналишларини ривожлантириш учун шароитлар яратилмоқда. Ҳудудда жаҳонга машҳур Самарқанд нонини тайёрлаш бўйича мастер-класслар учун новвойхона ташкил этилади.

Ҳозирда кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш маркази фаолият бошлади. Гуруч тегирмони жойлашган бинода таъмирлаш ишлари тугаш арафасида. Гуруч тегирмонининг тарихий кўриниши қайта тиклангач, меҳмонларга гуруч тайёрлаш жараёни намойиш қилинади.

Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати.