Кўп пойтахтли давлатлар

Баъзи мамлакатларнинг пойтахти иккита бўлса, Жанубий Африкада ҳукуматнинг суд, ижро этувчи ва қонун чиқарувчи тармоқларининг ўз пойтахти бор. Қуйидаги рўйхат ушбу ноодатий мамлакатларга бағишланган.

Бенин.png

Ғарбий Африкадаги Бенин мамлакатининг расмий пойтахти Порто-Ново шаҳри ҳисобланаса-да, мамлакат ҳукумати доимо Котону шаҳрида фаолият кўрсатади. Икки пойтахт тенденцияси давлатнинг 1970 йилда француз мустамлакасидан мустақилликка эришганидан кейин ҳам давом этмоқда.

БОЛИВИЯ.png

Боливияда иккита пойтахт борлигининг сабаби 1899 йилдаги фуқаролар урушидан келиб чиққан. Либерал партиясини асосан Ла-Пасдаги қалай (эгилувчан оқ металл) конларида бойлик орттирган оилалар, ҳукмрон Консерватив партияни эса Сукре шаҳридаги кумуш конларидаги оилалар қўллаб-қувватлаган. Либераллар консерваторларни ағдариб ташлагач, пойтахтни Ла-Пас шаҳрига кўчириш талабини қўйди. Охир-оқибат Сукре шаҳри расмий пойтахт бўлиб, ҳукуматнинг ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд тармоқлари жойлашган Ла-Пас кўпроқ ҳукмронликка эга бўлиш тўғрисидаги келишувга эришилди.

грузия.png

Ҳукумат функцияларини икки шаҳар ўртасида тақсимлай олиши билан фахрланишга ҳаракат қиладиган Грузиянинг ҳам иккита пойтахти бор. Ҳукумат ижроия тармоғи жойлашган Тбилиси давлатнинг расмий пойтахти, Грузия парламенти жойлашган Кутаиси эса мамлакатнинг қонун чиқарувчи пойтахти ҳисобланади. Шунингдек, қироллик ва сулолаларнинг пойтахтлари бўлган бу шаҳарлар жуда бой афсонавий ўтмишга эга.

КОТ-Д'ИВУАР.png

Мамлакат ҳали Франция тасарруфида бўлган 1933 йилда Абижан шаҳри Кот-д’Ивуар пойтахти деб эълон қилинган. Мамлакат мустақилликка эришганидан сўнг ҳам бу шаҳар пойтахтлигича қолган эди, бироқ биринчи президент Феликс Уфуе-Буани йигирма уч йиллик давлат бошқарувидан сўнг расмий пойтахтни ўзининг туғилган шаҳри Ямусукрога кўчиришга қарор қилди. У бу ишни мамлакат марказини ривожлантириш ва ўз она шаҳрини юксалтириш мақсадида қилди. Бундай ўзгаришга қарамай, аксарият давлат идоралари ва элчихоналари Абижанда қолмоқда.

ПАТРАДЖАЯ.png

Малайзиядаги икки пойтахтнинг пайдо бўлишига сабаб расмий пойтахт Куала-Лумпур аҳолисининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши ва сиёсий тирбандлик билан боғлиқ. Бу катта муаммо эканини тушунган Малайзия ҳукумати маъмурий функцияларни ўз зиммасига оладиган янги шаҳарни лойиҳалаш бўйича ишларни бошлаб юбориб, чора кўришга қарор қилди. 1995 йилда ташкил этилган Патражая шаҳрига 1999 йилда ҳукумат ва суд тизими кўчиб ўтди.

НИДЕРЛАНДЫ.png

Ушбу рўйхатимиздаги бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Нидерландиянинг ҳар доим иккита пойтахти бўлган. Амстердам 1814 йилдан бери мамлакатнинг расмий ва конституциявий пойтахти ҳисобланади. Бироқ Гаага 1588 йилдан буён мамлакатдаги барча ҳукумат тузилмаларининг қароргоҳи бўлиб келган. Кўплаб давлатлар бу амалиётни синаб кўришни бошлашдан олдин ҳам голландлар ҳар доим расмий ва давлат тузилмалари жойлашган пойтахтларни ажрата билган.

ЮАР.png

Жанубий Африканинг дунёдаги учта пойтахти бор ягона давлат бўлишига 1910 йилда мамлакатнинг бирлашиши сабабчи бўлди. Ўша йилда Жанубий Африканинг тўртта асосий Капа, Апельсин дарёси, Трансвааль ва Наталь колониялари битта умумий пойтахтни танлаб, келиша олмади. Натижада улар кўп пойтахтли давлат бўлишга рози бўлишди ва Капа колониясига - Кейптаун, Апельсин дарёсига - Блумфонтейн, Трансвааль шаҳрига - Претория каби шаҳарлар пойтахт бўладиган бўлди. Наталь пойтахти мақомига даъво қилмаслиги учун Дурбан шаҳрига моддий товон тўлаб берилди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.