Коррупцияга қарши қониқарсиз курашаётган ташкилотлар номи маълум қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарига кўра, Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳокимликларда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлиги рейтинг баҳолашдан ўтказилган.
Баҳолаш натижаларига кўра, 62 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 12 та ташкилот фаолияти самарадорлиги “яхши” – (81-100 балл), 30 та ташкилот “қониқарли” – (55-80 балл) ва 20 та ташкилот “қониқарсиз” – (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди.
Айтилишича, таҳлил натижалари давлат ташкилотлари фаолиятидаги коррупцияга қарши курашиш йўналишида бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатган.
Раҳбарнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича шахсий ташаббуси етарли эмаслиги, жавобгарлик механизмининг белгиланмаганлиги ҳамда самарали коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш бўйича эътибор қаратилмаганлиги ташкилотлар фаолияти қониқарсиз баҳоланишига сабаб бўлган.
Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (11 балл), Сув хўжалиги вазирлиги (13 балл), Андижон вилоят ҳокимлиги (18 балл) ва Энергетика вазирлигида (21 балл) коррупцияга қарши ички назорат тизими самарали жорий этилмаган.
Баҳолаш натижаларига кўра, «қониқарли» деб топилган давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар амалга оширилган бўлса-да, айрим масалаларга эътиборсизлик билан қараш, шу жумладан, белгиланган тадбирлар ижросини назорат қилиш соҳасида камчиликлар мавжудлиги кузатилган.
Шу билан бирга, ушбу идораларда коррупцияга қарши белгиланган талабларнинг доимий равишда бажарилишини назорат қилиш бўйича самарали тизим яратилмаган.
12 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш фаолияти самарадорлиги “яхши” деб баҳоланди. Мазкур ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар тизимли равишда амалга оширилган.
Хусусан, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва уларни минималлаштириш бўйича аниқ ва манзилли чоралар кўрилган ҳамда коррупцияга қарши курашишда ташкилот раҳбарлари шахсий намуна сифатида ўрнак бўлган.
Масалан, Божхона қўмитасида (87 балл) “Коррупциявий хавфларни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилган бўлиб, барча ходимларнинг фаолиятини сунъий интелект ёрдамида баҳолаш ҳамда хавфи юқори бўлган ходимнинг шахси ҳақида “ахборот портрети”ни онлайн шакллантириш тизими йўлга қўйилган.
Шунингдек, Солиқ қўмитасининг барча таркибий ҳудудларида ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган бўлса, яхши натижа қайд этган тижорат банкларида эса коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва камайтиришнинг самарали механизми жорий этилган ҳамда ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари тизимли йўлга қўйилган.