Кун тартибида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўттиз биринчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири Ш.Йўлдошев бошқарди.
Депутатлар сессия кун ва иш тартибини, котибни тасдиқладилар.
Бу галги сессия кун тартибига асосан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг натижаларини таҳлил этиш ва келгусида вазифаларни белгилаб олиш билан боғлиқ масалалар киритилган эди.
Дастлаб вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ф.Абиловнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сунъий ўсишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Ҳисботда қайд этилишича, ўтган йил вилоятимизда жами 4 миллион 479 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилиб, қиш-баҳор мавсуми учун жами 80,2 минг тонна маҳсулот захирага жамғарилди. Шунингдек, бир мингдан ортиқ тайёрлов корхонаси томонидан 40,2 минг тонна картошка, 19 минг тонна пиёз, 13,8 минг тонна сабзи ва 7,2 минг тонна гуруч захира қилинди. Жойларда арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этилди. Бунинг натижасида бозорда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи барқарорлиги таъминланди.
Аммо ўсимлик ёғининг нархи 50 фоизгача, шакар 15 фоизга, тухум эса 29 фоиз ўсиши кузатилди. Мазкур маҳсулотлар учун зарур бўлган хомашёларнинг нархи ошганлиги ҳамда импорти кескин камайганлиги ҳисобига уларнинг нархини кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли бу йил вилоятимизда 6 минг гектар ерда соя, 5,1 минг гектар кунгабоқар ва 4,1 минг гектар кунжут экилди.
– Вилоятда 2021 йилда умумий қиймати 4,7 триллион сўмлик 2869 та озиқ-овқат лойиҳалари амалга оширилади, – деди Ф.Абилов. – Сабзавот, полиз, мойли ва дуккакли экинлари уруғларини етиштириш саноат усулида ташкил этилиб, юқори авлодли уруғлик етиштириш йўлга қўйилади. Жомбой, Булунғур, Тойлоқ ва Самарқанд туманларида сабзавот, полиз, дуккакли, мойли экинлар уруғларига ихтисослашган 4 та элита уруғчилик хўжаликлари ташкил этилади. Каттақўрғон, Пайариқ, Нуробод ва Қўшработ туманларида 150 гектар майдонда 15 та уруғчилик фермер хўжаликларида полиз уруғчилиги йўлга қўйилади. Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича жорий йилда қиймати 1 231 миллиард сўмлик инвестициялар эвазига қуввати 658 минг тонна бўлган 108 та озиқ-овқат саноат лойиҳалари амалга оширилади. Вилоятда 631,4 минг аҳоли хонадонлари ва деҳқон хўжаликларидаги 70 минг гектарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади.
Депутатлар гўшт нархи ошиб кетишининг олдини олиш, сув тақчиллиги кузатилаётган бугунги шароитда қишлоқ хўжалигида замонавий, сув тежамкор технологияларни кенг қўллаш, томорқа имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Шундан сўнг вилоят кишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи З.Эргашев Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижро этилиши ҳолати тўғрисида ҳисобот берди.
З.Эргашевнинг маълум қилишича, стратегиядаги устувор йўналишларга мувофиқ вилоятда 2021 йил давомида 12 та йўналишда 4,7 триллион сўмлик 2869 та янги лойиҳа ишга туширилади. Бунинг натижасида йил якуни билан фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида 242 минг тонна мева, 389 минг тонна узум, 682 минг тонна сабзавот, 377 минг тонна картошка, 101 минг тонна полиз маҳсулотлари етиштирилади.
Бугунги кунда вилоятда 43 та кластерлар мавжуд бўлиб, уларга 151 минг 900 гектар ер майдони бириктирилган. 2022 йилда ғалла майдонлари қисқартирилган туманларнинг ер майдони тўлиқ кластерларга берилади ва мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 5 та янги кластер ташкил этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилади.
Депутатлар вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Норқўзиевнинг вилоятда 2021 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини такомиллаштириш, белгиланган лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб, мазкур йўналишда ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Сессияда географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссияси ҳамда бошқа ташкилотларнинг Нуробод ва Нарпай туманларидаги 17 аҳоли пунктини номлаш тўғрисидаги таклиф ва хулосалари маъқулланди.
Сессияда Кенгаш ваколатига тегишли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.