Маданий мухториятдан сиёсий мухторият сари

Жадидлар миллатнинг умумий савиясини кўтаришни тараққиётнинг асосий омили деб билишган ва бу жиҳатдан адашмаганлар. Лекин уларнинг эзгу ниятларини сезган ўта айёр мустамлакачилар турли йўллар билан тўсқинлик қилган.
Шу боис улар маърифат байроғи остида ҳаракат қилишган. Буни Беҳбудий фаолияти мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, “Самарқанд” газетасида (1913 йил 30 июль сони) унинг “Миллатлар қандай тараққий этарлар?” мақоласи берилган.
“Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосига тобеъ экан, бизни уламо билъакс авомға тобеъдур? Бунинг охири харобдур”, деб ёзади Беҳбудий.
Мақоладан иккита гап иқтибос сифатида олинди, холос. Ҳар бир сўзида ҳикмат бор. Мағзини чақадиган бўлсак, нақадар залворли, қайсидир маънода даҳшатли хулоса келиб чиқади. Бу сиёсатга тааллуқли ёки сиёсий хулосага келтирадиган фикр эмасми?
Чор Россиясидаги 1917 йил февраль воқеаси(Николай подшонинг тахтдан қулаши)дан кейин жадидлар маърифий “либос”ларини ечиб, сиёсий ҳаракатларини бошладилар. Афсуски, ҳаммаси жадидлар кутганидек бўлмади – миллат сифатида шаклланмаган қавм бўлиниб кетди. Бу борада у бир вилоятда кечган жараённи шундай тасвирлайди: “Самарқанд халқи иккиға бўлинди. Билкулли иккига эмас, юзға бўлуниб, халқнинг кўнгли совуб, баъзиларнинг сўз ва ҳаракатидан нафратланиб, тарқалиб кетдилар”. Ҳурриятни асраб қолиш учун Беҳбудий зор қақшаб халққа мурожаат қилади. Уни ўқиб изтиробга тушмасликнинг имкони йўқлигини англайсиз: “Азиз ҳамшаҳарларим, мўътабар аҳли ватаним, ҳаммангиз бир бўлуб, халқ ва диннинг ривожи учун бирлашуб, орадаки нафратларни ташлаб, худонинг берган ҳуррият неъматидан нафъиланмоқ ҳаракатида бўлмоқ керак ва алан бизнинг бу ҳаракатсизлигимиз биздан ҳурриятни кеткуриб яна бошқаларға бизни асирлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейин кетармиз ва бизнинг авлодимиз ҳамда халқи олам бизга раҳмат ўрнига лаънат ўқурлар” («Улуғ Туркистон». 1917 йил 12 июнь). Фақат маърифий ҳаракатни (озодликни эмас) мақсад қилган инсон шу гапларни матбуот орқали айта олармиди?
"Туркистон мухторияти" сарлавҳали мақоласида эса 1917 йилда Қўқонда эълон қилинган Туркистон мухториятига муносабати, иштирокидан фахрланиши унинг сиёсий арбоб бўлганлигини англатади: "27 ноябрда Ҳўқандда Туркистон мухторияти умумий мусулмон сиездида эълон қилинди. Муборак ва хабарли бўлсин! Камина ҳам мажлисда бўлиш учун ифтихор этаман. Яшасун Туркистон мухторияти!” («Ҳуррият» газетаси, 1917 йил 19 декабрь).
Беҳбудийнинг сиёсий арбоб бўлганлиги унинг ҳалок бўлиши эълон қилинган (ҳокимиятга ўрнашган большевиклар уни қоралашга улгурмаган) даврда етти кишилик нуфузли комиссия хулосасида ҳам эътироф этилган: “Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий мунтазам бир таҳсил кўрмадиги ҳолда хидмат машқининг ўтиға чидай олмасдан, ўзининг сабот ва ғайратига таяниб бутун хидматни ўз бўйниға юклади. Маҳмудхўжа юртнинг эҳтиёжига қараб муҳаррирда бўлди, муаллимда бўлди, газетчилик қилди, мактаб китоблари ёзди, тиётрчилик қилди, сиёсий ишларға ишлади, халққа сиёсий фикр берди, халқнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволини ислоҳ қилмоқ учун иқтисодий ва ижтимоий олим бўлиб халққа фикр тарқатди. Фиқҳи ислом, ҳадис ва тафсир билан шуғулланиб суйлайтурғон ва ёзадурғон нарсаларини шаръий далиллар билан исбот қилди” (“Меҳнаткашлар товуши” газетаси, 1920 йил 8 апрель).
“Падаркуш” – сиёсий асар!
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси ҳақида кўп ёзилди. Унинг мазмуни ҳаммага маълум: ўқимаган фарзанд ўз отасининг ўлдирилишига сабабчи бўлади. Лекин оила (Туркистон) таназзули отакушликдан (Мирзо Улуғбек давридан) бошланганини жадидлар расман айтишмаган бўлсалар-да, ёзган асарларида, дарсликларида ишоралар қилишган. Шарқ давлатлари, жумладан, Турон... Туроннинг хонликларга бўлинишлари, биродаркушликлар, илм-маърифат асосида ривожланиш ўрнига кибрга, айшу ишратга берилишлар... Келинг, парчаланиш сабаблари ҳақида ва ушбу драма яратилганига қадар айтилган, яъни Беҳбудий хулосасига қулоқ тутамиз.
«Таърих деюрки, бир замон келдики, уламо ва умарои ислом жубун ва танбал, айши бепарво, дигар тарафдан бир-бирлари ила мухолиф бўлдилар. Таълим ва тадриси уламои дин лодонлар мажлисини таржиҳ (устун – Ҳ.С.) этдилар. Умаро ва салотини ислом ноҳақ ерға юз минглаб аҳли ислом қонини тўкуб, тараф-тараф бўлдилар. Уламо бўлса умаро нониға ва маошиға кўз тикиб, муқобилларининг такфирларига қадар илгари кетдилар. Ҳусумати мазҳабиййа ва таъсиб илмийяға аҳамият бердиларки, насроният оламидаки ва папалиқ замониндаки ихтилофларға монанд низолар олами исломни парчаланмоқиға сабабият берди” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Таърих ва жуғрофия // “Туркистон вилоятининг газети”, 1908 йил 30 ноябрь).
“Падаркуш”ни шу фикрларни мунтазам такрорлаб юрган инсон сифатида мутолаа қилсак, асардан ҳар биримиз ўзимизга мос рамзларни топа оламиз. Масалан, падаркуш атамасининг ўзи юртимиз тарихидаги улкан фожиани эслатади. Асарнинг тўлиқ номи “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” деб аталади. Беҳбудий драмани нега “Падаркуш ёхуд буюк салтанат фожиаси” дея номламади? Мустамлакачи цензураси бундай асарни чоп эттирмаслиги аниқ эди. Ҳатто, пьесани цензурадан ўтказолмай икки йил сарсон бўлгач, асарни 1812 йилда русларнинг французлар устидан Бородино жангида ғалаба қозонганлигининг 100 йиллигига “бағишлаган”идан кейингина рухсат олгани фикримизга асосдир. Қолаверса, буюк салтанат фожиаси ҳақида ёзилса, жадидчилик ҳаракатининг мақсади аёнлашиб, унинг намояндалари аввалроқ қатағонга учраши муқаррар эди. Шу боис жадидлар яратган асарларда асосий фикрни рамзлар воситасида айтишга ҳаракат қилинади.
Рамзлар “Падаркуш” асарида ҳам етарли. Масалан, “3 парда, 4 манзарали, миллий биринчи фожиа”. Муаллиф “миллий биринчи фожиа” дея фақат асарнинг дастлабкиси эканлигини таъкидлаяпти десак, Беҳбудийга муносиб баҳо бермаган бўламиз. Бу гапни “биринчи миллий фожиамиз” ёки “миллий фожиамизнинг биринчи қадами”, дея ўқисак маъно янада кенгаймайдими? Асардаги Бойнинг миллат зиёлисига муносабати Мирзо Улуғбек қатли ва ҳатто, ундан аввалроқ Амир Темур барпо этган салтанатни жаҳолат сабаб бўлиб олган ҳукмдорлар фожиасининг рамзидир.
Беҳбудий орамизда бўлганда нималар деган бўларди?
Биринчидан, озодликни мадҳ этиши муқаррар эди! Лекин алқаш билан кифояланмасдан миллат равнақи, юртнинг дунёдаги ривожланган давлатлар даражасига чиқиши йўлида янги ғоялар билан чиқарди.
Иккинчидан, ўз даврида Беҳбудийнинг қозоқ қардошларимизга мурожаати Туркистон мухторияти хавф остида қолганини англаган донишманд сиёсатчининг фарёди ҳисобланади. Бугун ҳам ана шундай хавф бор ва буни яхши англаган давлатимиз раҳбари “Туркий давлатлар ташкилоти”ни тузишда иштирок этиб, тарихга муҳрладики, бу ғоянинг ривожи учун Беҳбудий жонини беришга ҳам тайёр турган бўларди.
Учинчидан, жамиятдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича фикрлар беришда давом этарди, хусусан, халқимизнинг илмга интилмайдиган, тўй ва маъракалардан бўшамайдиган тоифаси бугун ҳам катта муаммо эканлиги, улар ўзларигагина зарар қилсалар майли эди, лекин зўрма-зўраки тақлид қилувчилар сонининг кўпайиши миллатни таназзул ботқоғига ботиради, дея фарёд чекарди.
Ва ниҳоят, тўртинчиси. Дунё тарихи, тараққиёти, таназзули, анбиёлар, ихтиролар ҳақида чуқур билимга эга донишманд сиёсий арбоб ҳозир ҳам маърифат йўлидан қайтмаган бўларди. У Менделеев жадвалида учрайдиган барча кимёвий элементлар Ўзбекистон заминида борлигини рўкач қилиш билан кифояланмасдан, уларнинг ҳар бирини қазиб оладиган техникалардан тортиб, қайта ишлайдиган ва энг асосийси, хом ашё сифатида сотиб кун кўрадиган эмас, балки тайёр маҳсулотга айлантириб, ҳам халқ, ҳам давлат хазинасини бойитадиган, атрофдаги гегемон давлатлар хуружларидан ўз ҳимояси учун зарур бўладиган бетакрор қурол яратишдан тортиб, миллат корига ярайдиган замонавий заводлар қуриб, уларни бошқарадиган комил мутахассисларни тайёрлашгача бўлган масалаларни халқимиз, биринчи навбатда, зиёлиларимиз олдига қўйган бўларди.
Бундай тўхтамга эса донишманд сиёсий арбоблар келади, десак асло хато бўлмайди.
Беҳбудийнинг адабиёт, матбуот соҳаси дейсизми, мактабу олий ўқув юртлари таълими ислоҳи, Туркистон тарихини ёзишнинг зарурати, кўп тилларни билиш каби миллатни тараққиётга бошлайдиган барча масалаларда ўз қарашига эгалиги ва уни асослай билиши, амали (“Ҳақ олинур, берилмас”), ўз ортидан халқни бошлай олиши ва бу йўлда жонини қурбон қилишдан тоймаслиги унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида таъкидланган “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси” эканлигини исботлайди.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
(“Адолат” газетасининг 2025 йил 11 апрель, 14-сонидан олинди).