МАГАТЭ: 3 ой ичида Эронда юқори даражада бойитилган уран захиралари 29 фоизга ошган. Эрон ядровий келишуви ҳолати қандай?
МАГАТЭ ҳисоботига кўра, сўнгги уч ой ичида Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захиралари 29 фоизга ошган ва Теҳрон ядровий ёқилғи ишлаб чиқариш қувватини сезиларли даражада кенгайтириш учун пойдевор қўйишда давом этмоқда, деб хабар берди Bloomberg.
Маълумотларга кўра, шу кунгача Эронда 55,6 килограмм 60 фоиз бойитилган уран тўпланган.
Бундан ташқари, ҳисоботда айтилишича, агентликнинг Эрон ядровий иншоотлари устидан назорати бўйича ҳал қилинмаган масалаларда ҳамкорлик қилмаётганидан ва “муаммони ҳал қилишда ҳеч қандай тараққиёт йўқлигидан МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси хавотирда.
МАГАТЭ ҳисоботи Эрон атом келишувини (БКҲР) тиклаш бўйича давом этаётган музокаралар фонида чоп этилди.
Сентябрь бошида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Хосеп Боррел Эрон ядровий дастури бўйича музокара иштирокчиларининг позициялари турлича эканлигини маълум қилганди.
Эрон ядровий келишуви ҳолати
АҚШнинг аввалги президенти Доналд Трамп 2018 йилда Қўшма Штатларни БКҲРдан бир томонлама чиқариб ташлади ва Эронга қарши санкциялар, жумладан, нефть секторига қарши санкцияларни қайта жорий қилди. Бу эса Теҳронни келишувнинг айрим шартларини босқичма-босқич бекор қилишга ундади. АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден маълум шартлар остида келишувга қайтишга тайёрлигини маълум қилди.
Эрон, Буюк Британия, Германия, Хитой, Франция ва Россия Венада БКҲРни тиклаш бўйича бир неча музокаралар ўтказди. Қўшма Штатлар уларда бевосита иштирок этмайди.
Аввалроқ Европа Иттифоқи вакиллари келишувнинг “якуний матни”ни тақдим этган эди, бироқ Эрон унинг айрим элементларидан хавотир билдирди, АҚШ ҳам ўз қарши таклифларини айтди. Европа Иттифоқида Брюссель томонидан БКҲРни қайта тиклаш бўйича таклиф қилинган келишув лойиҳасига Эроннинг муносабати ижобий қабул қилинди.
Бироқ, Politico порталининг хабар беришича, БКҲРни тиклаш бўйича музокараларда Теҳроннинг Ғарб иштирокчилари таклифларига жавоби Вашингтонда Вашингтонда салбий қабул қилинган.