«Маҳалла» электрон маълумотлар платформаси яратилди
Самарқандда маҳаллалар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, маҳалла раисларининг иш самарадорлигини онлайн ва тезкор амалга оширилишига хизмат қиладиган ушбу тизимнинг ишлаш фаолиятига бағишланган ўқув-семинарлар ташкил этилди.
Икки кун давомида вилоятнинг барча туман, шаҳарларида ташкил этиган ўқув-семинарларда барча маҳалла фуқаролар йиғинилари раислари иштирок этди. Унда тизимни рақамлаштириш, бу ишларнинг аҳамияти ва натижадорлиги ҳақида сўз юритилди.
- Ўтган йили вилоятимизда маҳаллаларни моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 200 та маҳалла биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди, - дейди вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. - Жорий йилда эса маҳаллаларда самарали бошқарув тизимига алоҳида эътибор беришни ўз олдимизга мақсад қилдик. Шу мақсадда 2023 йилда маҳаллалар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этишни устувор вазифа сифатида белгилаб олдик.
Яъни, 1 126 та маҳалла учун “Маҳалла” электрон маълумотлар платформаси ишлаб чиқилди. Электрон дастурни жорий этишдан кўзланган мақсад, биринчидан, маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят даражасида амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш. Иккинчидан, турли хил ҳисоботларни тайёрлаш, ҳисоботлар рақамларидаги тафовутларни бартараф этиш, унга сарфланадиган вақтларнинг олдини олиш. Яъни, маҳалла рўйхати, уларнинг жойлашуви, чегарадош маҳаллалар, аҳолиси, миллий таркиби, ёшлар, хотин-қизлар сони, маҳалла тарихи, маҳалла фаоллари, моддий-техник базаси, маҳалла раиси маълумоти, мутахассислиги ва бошқа шу каби муҳим маълумотлар базаси яратилди.
Учинчидан, маҳалла марказларига фуқароларнинг мурожаатлари, қайси йўналишларда мурожаатлар бўлмоқда ёки фуқаролар, умуман, маҳалла марказлари келиб мурожаат қилмаяпти (бу ҳолатларга турли хил саволлар туғилади) маҳалла раисларининг хонадонбай муаммоларни ўрганиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга кўмак бериши, маҳалла раисларининг мактаблар билан бевосита ҳамкорлиги, мунтазам дарс жараёнларига иштирок этмайдиган ўқувчиларнинг ота-оналари билан ишлаш, жамоатчилик имконияти орқали масъулиятини ошириш ҳамда ўз маҳалласидаги тўй-маърака, жаноза ва бошқа тадбирларни ўтказилишида жамоатчилик назоратини ўрнатиши, иштироки каби асосий йўналишлардан келиб чиқиб, маҳалла раисларининг кунлик, ҳафталик ва ойлик фаолиятлари тўлиқ таҳлил этиб бориш.
Юқорида қайд этилган мақсадлар орқали маҳаллаларда самарали иш ташкил этишга ва қайси маҳалла раисининг бевосита фаоллиги, маҳаллапарварлиги ёки буни аксидаги фаолиятини кўриш имконияти яратилади.
Мазкур маҳалла электрон дастурини келгусида янада такомиллаштириш орқали маҳалладаги бешликни тўлиқ қамраб олган ҳолда вилоятдаги 750 мингдан ортиқ хонадонларни замонавий бошқарув тизим билан 3 ой ичида ҳар бор хонадондаги вазият, муаммо ва унинг ечими бўйича амалий тадбирлар кўриб бориш имконияти яратилади.
Семинарлар давомида турли тақдимотлар ўтказилди, унда маҳаллалар раислари фаолиятини мувофиқлаштиришда ахборот тизимининг ҳозирги ҳолати, рақамли ёзувларнинг тавсифлари, уларни бошқариш жараёнлари, рақамли ҳужжатларни сақлаш ва келгуси йилларга мўлжалланган режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.