Мажбурият бажарилади, унутилса қимматга тушади
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасига мувофиқ, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар. Бироқ айрим юртдошларимиз Асосий қонунимизда белгиланган бурчларини унутиб қўймоқда. Оқибатда ходимларимиз томонидан қонун доирасида тегишли таъсир чоралари қўлланиляпти.
Хусусан, назорат тадбирлари давомида чиқиндилар билан боғлиқ талабларга риоя этмаслик бўйича 1783 нафар шахсга нисбатан 1 миллиард 47 миллион 645 минг сўм маъмурий жарима қўлланилган.
Ушбу йўналишда биргина автомобилда чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш бўйича Самарқанд шаҳри ва туманида ўрнатилган кузатув камералари орқали жорий йилнинг ўтган даврида 248 ҳолат қайд этилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан инспекторларимиз томонидан 228 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси 1-қисмига асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Мисол учун, Самарқанд шаҳрида яшовчи Р.У. ва Х.Хлар ўз бошқарувидаги автомошиналарга юкланган қаттиқ маиший чиқиндиларни белгиланмаган ҳудудга жойлаштирганлиги учун 1 миллион 125 минг сўмдан маъмурий жарима қўлланилди.
Дилшод Хушвақтов,
вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари.