Мактаблардаги ёзилмаган қонунларга қачон чек қўйилади?
(«Бугуннинг ўқитувчиси. Биз унинг савиясидан нега қониқмаяпмиз?», (zarnews.uz, 30 апрель, «Зарафшон», 2019 йил, 30 апрель, 54-55 қўшма сон)
***
Устознинг “Бугуннинг ўқитувчисининг савиясидан нега қониқмаяпмиз?”, деган саволига бугунги кун қишлоқ мактаблари ва уларнинг бугунги кундаги аҳволи, ўқитувчиларнинг “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш олиб бораётганлиги сабаб экани энг оғриқли нуқтамиздир.
С.Усмоновнинг “Бундай ҳолат юзага келишига ўз касбини жондан севиб, уни ҳаётининг мазмуни, деб биладиган фидойи ўқитувчиларнинг камайиб кетгани, кўплаб муаллимлар ўз устида ишламай қўйгани, ўқитувчилик шунчаки эрмакка айлантириб қўйилгани, таълимнинг бошқарув органлари ва мактаб раҳбарлари томонидан назоратнинг бўшаштириб юборилганлиги сабаб бўлди, десак янглишмаймиз”, деган фикрлари айни ҳақиқат.
Бизнинг мактабда шундай ёзилмаган қонун бор: Бола уйидан мактабга деб чиқдими унга бир балл қўйилади, мактаб дарвозасидан кирдими, икки балл қўйилади, синфга кириб дарсимизда ўтирибдими, унга уч балл қўйилади.
Аслида ўша уч баҳога лойиқ кўрилган ўқувчи ўзбек алифбосида нечта ҳарф борлигини билади, холос. Алифбони, ҳатто, унлини ундошга ажрата олмаса ҳам, албатта, уч баҳо қўйилади. Бир амалини қилиб мактабни битирса-ю, биз ўша ўқувчидан қутулсак… Бу оддий кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат. Минг афсуски, бугунги кун ўқувчисининг китоб ўқиши, дарсларда фаол бўлмаса ҳам давоматни тўлдириб туриши учун уч қўйишимиз керак.
Хўш, ўқитувчи бор маҳоратини намоён қилиб дарс ўтишга ҳаракат қилади, аммо дарсга қизиқмаган ўқувчини ҳар қандай маҳорат билан қизиқтиришга ҳаракат қилсанг-у, ўша ўқувчида тарбия шаклланмаган бўлса-чи, унда нима қилиш керак? Тарбия аслида оилада шаклланади, мактаб эса уни ривожлантиради. Бундай ҳолатда 10 нафар тарбияси шаклланмаган ўқувчининг 5-6 нафаригина талабга жавоб беради, қолганларида-чи?
Агар уларга салгина қаттиқ гапириб кўринг, ё улар “жонига қасд” қилишади ёки умуман дарсга келмай, давоматни орқага тортишади. Ёки ўқитувчининг ёнига ота-онасини етаклаб келади. Гўёки фарзанди “авлиё-ю” биз ўша “авлиё”ни хафа қилиб қўйганмиз. Бундай жараёнларда мактаб маъмурияти ҳам ўқитувчига эмас, ўша “авлиё”нинг ота-онаси томон ён босишади. Мана, бу муаммо ҳам оғриқли нуқталаримиздан.
Шалола Ботирова,
Каттақўрғон туманидаги 39-мактаб ўқитувчиси.
***
Очиғи, бу гапни кимдир, қачондир айтиши керак эди. С.Усмонов масъулиятни гарданига олиб, бор ҳолатни очиб берди.
Ҳа, ўрта мактабда ўртача ўқиган бола институтга кирди. Олийгоҳда ҳам ўртамиёна ўқиган талаба диплом олиб мактабга ишга келди. Шунга имкон яратилди. Яширмайман, бу ҳолатдан фидойи, билимдон ҳамкасбларимизнинг дили ўксиди, виждони қийналди.
Энди айбни бир-биримизга ташламасдан, фаолиятимизда туб бурилиш қилиш чораларини кўрайлик. Айниқса, бошланғич синф ўқитувчилари масъулиятини кўпроқ ошириш лозим. Чунки бошланғич синфда яхши ўқимаган бола кейинги синфларда ҳам фанларни ёмон ўзлаштиради
К.Хушвақтов,
Паст Дарғом туманидаги 16-мактаб ўқитувчиси.