Маромийлик ҳақида жамоатчилик фикри: жарима ва таъсирчан чоралар кучайтирилиши яхши самара беради
Тўй ва маросимларни қисқартириш, камчиқим қилиб ўтказиш халқимизнинг асрдан-асрга ўтиб келаётган, ечими ўзимизга боғлиқ бўлса-да амалга ошириш ғоят қийин кечаётган долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
XX аср бошида буюк маърфатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий тўй ва таъзияни бизни кемирувчи иллатлар сифатида қайд этиб, агар шу маросимларга сарфлайдиган маблағимизни илм йўлида сарфлаганимизда биз ҳам Европа давлатлари сингари тараққий этардик, деб куйиниб ёзган эди. Орадан бир аср ўтибдики, ҳамон бу иллатдан қутулолмай, унинг домига чуқурроқ кириб боряпмиз.
Яхши эслайман, ўтган асрнинг 80-йилларида, Самарқанд тумани райкомига энди ишга кирган пайтим эди. Тўй-маъракаларни ихчам қилиб ўтказиш, ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик бўйича туманда вилоят даражасидаги йиғилиш ўтказилиб, тавсиялар ишлаб чиқилди. Кейин вилоят миқёсида тарғибот ишлари олиб борилди. Маълум вақт тўй ва аза-маросимлари тартибга тушгандек бўлди, аммо кейинчалик тарғибот ишлари сустлашгач, яна дабдабабозлик авж олди, ҳатто, аввалгидан ҳам кўп одатлар, расм-русумлар пайдо бўлди.
Кейин 90-йиллар охирида ва янги асримиз бошларида ҳам ушбу масала кун тартибига чиқди, давлат раҳбари, парламент даражасида қарорлар, чора-тадбирлар қабул қилинди. Оммавий ахборот воситаларида, давраларда шу мавзу ҳақида гапирилди, тарғибот ишлари олиб борилди. Албатта, бу тадбирлар ҳам самара берди, аммо кўп вақт эмас. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги қийинчиликлар унутилиб, халқимиз ҳаёти изга тушгач, яна тўй-маъракаларга зўр бердик, бу маросимларни ўзимизни кўз-кўз қилиш воситасига айлантирдик. Бугун вазият шундай даражага келдики, одамлар йиллар давомида йиғиб-терганини бир кунда, бир неча соатда совуришга тайёр, бунга ачинмайди ҳам. Талаб пайдо бўлдики, катта-катта тўйхоналар, тўй-ҳашамни ташкил этувчилар, безатувчилар, ўртакашлар ва яна ўнлаб хизматлар юзага келди. Тўй қадриятдан саноатга, катта маблағ талаб қиладиган тадбирга айланди. Бунинг ортидан қанча инсонлар чет элларда сарсон-саргардон бўляпти, қарзга ботиб, йўлини йўқотмоқда, ёш оилаларга дарз кетмоқда.
Мана энди яна шу масалада бош қотиришимизга, тўй ва бошқа маросимларимизда тартиб ўрнатишга тўғри келмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Маҳаллалар уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида дабдабали тўйлар ва бошқа оилавий маросимларни ихчамлаштиришга қаратилган “Маромийлик” тарғибот кампанияси бошланди. Ушбу ташкилотлар томонидан 90 кунлик чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва бу йўналишда вилоятимизда ҳам амалий ишлар бошланди, фаол тарғибот олиб борилмоқда.
Лойиҳа бошланиши билан вилоятда тўйларни ихчамлаштириш ва ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш борасида аҳолининг фикрини ўрганиш мақсадида аноним сўровнома ўтказилибди. Шу сўровномадаги икки савол эътиборимни тортди. “Тўй ва маъракаларнинг ихчам ўтказилишини таъминлашда кимлар фаол бўлиши лозим?” деган саволга жавоб берганларнинг 46 фоизи “барча давлат ва жамоат ташкилотлари” деб жавоб берибди. Шунингдек, кўплаб фуқаролар мансабдор шахсларнинг шахсий намуна бўлиши муҳимлигини таъкидлаган. “Қайси тарғибот усули самарали деб ўйлайсиз?” деган сўровга эса 49 фоиз респондент “жарима ва таъсирчан чоралар” деб жавоб берибди.
Назаримда, ана шу икки савол кўп масалага ойдинлик киритган. Чиндан ҳам тўй ва маъракалар ихчам қилиб ўтказилишини таъминлашда давлат ташкилотлари назоратни кучайтирса, таъсирчан чораларни ва жарималарни қўлласа, тезроқ тартиб ўрнатиш мумкин. Ҳамма масъулиятни одамларга чора кўриш ваколати бўлмаган маҳалла ёки оқсоқолларга ташлаб қўйиш ёки арзимас жарима қўллаш билан мақсадга эришиш жуда қийин. Қачонки тартиб назоратини давлат органлари олиб борса, миллион-миллион сўм пул сарфлаб дабдаба қилган тўйчига ана шу харажатларининг тўрт ёки бешдан бири миқдорида жарима қўлланилса, худди шундай тўйхона эгаларига ҳам фаолиятини маълум муддат тўхтатиб қўйишгача бўлган таъсир чоралари қўлланилсагина тартиб ўрнатиш осон кечади, назаримда.
Баъзида давраларда, ижтимоий тармоқларда эшитяпмиз, ўқияпмиз – одамлар нега амалдорлар дабдабали тўй қилса ҳеч ким чора кўрмайдию, оддий одам бир неча қозон ош дамлаб, юзлаб кишини тўйига таклиф қилса унга жарима солинади, деб эътироз билдирмоқда. Тўғри, юқорида қайд этилган сўровда айтилганидек, мансабдор шахсларнинг ўзи бу борада ибрат бўлиши керак.
Шу ўринда қўшни Тожикистонда бўлган ҳолатни ёдга олмоқчиман. Яқин биродаримиз фарзандининг тўй маросимига таклиф қилгани учун Самарқанддан бир неча киши бордик. Афсуски, тўйга бир соатлар кечикиб бордик. Шунда қадрдонимиз бизни тўйхонага эмас, уйига бошлаб борди. Айтишича, тўйхонада банд қилинган саноқли жойлар бандлиги, бизни қўшимча жой тайёрлатиб ичкарига киритадиган бўлса, тўйхона эгасига ва ўзига ҳам жуда катта миқдорда жарима солиниши ва давлат ишидан озод этилишини айтиб узр сўраганди. Бу гапни эшитиб биз хафа бўлмадик, белгиланган тартибга катта-ю кичик, раҳбарлар ҳам бирдек амал қилишини кўриб ҳавас қилдик.
Бугун биз ҳам юз йиллик муаммомиз – тўй ва маъракаларимизни камчиқим қилиб ўтказишни астойдил йўлга қўймоқчи эканмиз, қўлланиладиган таъсир чораларини бироз кучайтиришимиз, бу борада назоратни давлат органлари ўз зиммасига олиши лозим.

Ўктам Саидмуродов,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.