Машина бензини учун компенсация кимларга берилади ва уни олиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Бу ҳақда АОКА штабида ўтган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева маълумот берди:
Қуйидаги шахслар компенсация олиш ҳуқуқига эга:
➖ уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
➖ уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
➖ меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги туфайли I ва II гуруҳ ногиронлари;
➖ I ва II гуруҳ болаликдан ногиронлар.
2019 йил 15 августдан компенсация миқдори — 75 000 сўм.
Компенсацияни тайинлаш учун пенсиялар ва нафақаларни тайинлайдиган органларга мурожаат қилиш ва қуйидаги ҳужжатлар тақдим этиш керак бўлади:
➖ ариза;
➖ паспорт нусхаси;
➖ имтиёзга бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги гувоҳномалар нусхалари (уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар учун);
➖ тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг маълумотномалари нусхалари (меҳнатда майиб бўлиш, касб касаллиги туфайли ногиронлар ва болаликдан ногиронлар учун);
➖ автомототранспортнинг техник паспорти нусхаси;
➖ ҳайдовчилик гувоҳномаси нусхаси ёки Иккинчи жаҳон уруши ногирони билан доимий бирга яшайдиган ва у билан бир турар-жой майдонида рўйхатдан ўтган оила аъзосининг ҳайдовчилик гувоҳномаси, паспорти нусхалари ва у томонидан автомототранспорт воситасидан фойдаланиш ҳуқуқига ишончнома.