Матбуот анжуманида журналист ишини «битириб олди»

Вилоят Матбуот уйида вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Эндиликда вилоят бандлик бош бошқармаси, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, оила ва хотин-қизлар бошқармалари, тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасининг (камбағалликни қисқартириш йўналиши) вазифа ва функцияларини бирлаштирган ҳолда камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ташкил этилди, - дейди И.Жабборов. – Бошқарма тўрт босқичли тизимда фаолият кўрсатади. Ҳали бирорта вазирлик ушбу босқичларнинг барчасини ўзида жамламаган. Яъни, фаолиятимиз тўғридан-тўғри маҳалла, хонадонгача бўлган жараённи қамраб олиб, масалани жойида ҳал қилиш тизимига қурилган. Дейлик, илгари оилага ёрдам ташкил қилиш бир нечта бошқармалар иштирокида ўтиб, ушбу ёрдамнинг хонадонгача бўлган масофа маълум ҳужжатлар ва бошқа мажбуриятлар туфайли кечикишига йўл қўйилган ҳолатлар бўлган. Эндиликда оила аъзоларига, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига ёрдам кўрсатиш, у ногиронлик масаласида бўладими, ишга жойлашиш ёки тадбиркорлик учун ёрдамми, барчаси битта ташкилот томонидан амалга оширилади.

Айтиш лозимки, бошқармаларнинг бирлашишида фақатгина бир-бирини такрорлайдиган ишни амалга оширадиган штатлар қисқартирилди.

Матбуот анжуманида “Самаркандский вестник” газетаси мухбири Ё.Рустамов таҳририятга тушган шикоят, яъни Жомбой тумани Нўш қишлоғида истиқомат қилувчи, дипломга эга бўла туриб бир неча бор ноҳақликка учраб, иш топа олмай юрган оила бошлиғи масаласини мутасаддиларга билдирди. Мутасаддилар шу ернинг ўзидаёқ масалани ҳал этишга киришди. Яқин кунларда ушбу фуқаро иш билан таъминлаши ва бу масала шу кунларда ҳал этилиши билдирилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.