Махсус комиссия тўйларда одам сонини 30 кишидан оширишни тақиқлади

Сайловчиларнинг саволларидан маълум бўлмоқдаки, одамлар 100-200 кишилик тадбирларни ўтказиш йўлларини излашмоқда, деб ёзмоқда Ўзбекистон “Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров.

“30 тадан 5 марта йиғса нима бўлади?", “Алоҳида уйларда ўтадиган тадбирларнинг ҳисоби бирлашадими?”, “Ҳовлимга 300 нафар одам сиғади, хавфсизликни таъминлайман, рухсат бўладими?", “Маҳалла раиси билан нозирни кўндириб, ими-жимида ўтказиб олсак, ким эътироз қилади?" ва ҳоказо...

Уйингизга кўп одамни жамлаш давлатга эмас, аввало ўзингизга зарар:

Биринчидан, таклиф этилганларни соғлом эканлиги, яъни вирус ташувчи эмасликларига кафолат беролмайсиз;

Иккинчидан, агар вирус сизнинг тадбирингизда тарқалса, хасталарнинг даволаниш харажатлари зиммангизга юкланади;

Учинчидан, уларнинг орасида катта эҳтимол билан оилангиз аъзолари ҳам бўлади;

Тўртинчидан, жарима тўлайсиз;

Арзийдими?

Қолаверса, масала вирусда ҳам эмас! Тўй нима ўзи? Икки ёш инсоннинг оила қуриш қарорини элга эшиттириш тадбири. Бу мақсадга никоҳни қайд этиш ва никоҳни ўқиш маросимларида иштирок этадиган ҳар икки томоннинг вакил-гувоҳлари воситасида эришиб бўлинади. Дастурхон - ихтиёрий, имкониятлар билан боғлиқ масаладир. Фарзандларини қўллаб-қувватламоқчи бўлган ота-оналар совғаларини, ёш оилага мадад бўлмоқчи бўлган қондошлар тўёналарини ҳаммага кўрсатмасдан, ёшларга беришса, бехаражат ва фойдалироқ бўлмайдими? Ёшлар яхшигина сармоя билан, хотиржам катта ҳаётга қадам қўйиш имкониятига эга бўладилар.

Афсус, шу ихтиёрий қисм “орзу-ҳавас"ларнинг рақобат ритуаллари ва ижарага олинган обрўни кўз-кўз қилиш майдонига айланиб, унда ёш оиланинг мурғак ҳаваслари кўпкарига ташланган улоқчадек чилпарчин бўлиб кетяпти. Ёш оила кимўзарчи ота-оналар “кўмагида” очофат ва ялтироқ исрофдан қарзга ботиб қоляпти. Сохта ва бефойда эътироф илинжида жамиятнинг асосий устуни ҳисобланган оиланинг пойдевори қумдан бўлиб қоляпти ва биринчи синов шамолидаёқ сочилиб кетяпти.

Ким нима экса шуни ўради. Ўзбек халқи юз йилдан бери ҳеч нарса ўрмаяпти. Баъзи халқлар аллақачон келажак ҳисобини якунламоқдалар... ҳатто бизнинг ўрнимизга ҳам.

Тўй-маъракалардаги хўжакўрсин рақобатдан бош кўтариб, тарбия, илм-маърифат, иқтисодий тараққиёт йўлида ҳаракат ва рақобатга кеч қолмаяпмизми?

Японларда жуда қизиқ бир халқ мақоли бор экан: “Оталарнинг пулига тўй қилганларнинг набиралари гадойлик қиладилар”.

Ўзбекистонни ўзгартириш учун ўзимизни ўзгартиришимиз керак.